ХХР раиси Си Жинпинг ва Россия президенти Владимир Путин Пекинда Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парад бошланишидан олдин замонавий технологиялар ёрдамида умр давомийлигини ошириш имкониятларини муҳокама қилишган. Bloomberg нашрининг хабар беришича, уларнинг суҳбатидан айрим парчалар расмий трансляцияга тушиб қолган.
Суҳбат Си ва Путин (уларнинг ёнида шу пайтда КХДР раҳбари Ким Чен Ин ҳам бўлган) парад бошланишидан бевосита олдин минбарга кўтарилаётганларида юз берган.
Парчанинг бошида Си Жинпинг хитой тилида «ҳозирги кунда» ва «70 йил» деган сўзларни айтгани эшитилади. Сўнгра Путиннинг таржимони рус тилида шундай дейди: «Илгари одамлар камдан-кам 70 ёшгача умр кўрарди, бугунги кунда эса 70 ёшда ўзингизни боладек ҳис қилишингиз мумкин, дейишмоқда», — дея таржима қилади.
Сўнгра хитойлик таржимон Си Жинпингнинг сўзларига Путиннинг жавобини етказаётгани эшитилади: «Биотехнологияларнинг тараққиёти туфайли инсон аъзоларини мунтазам равишда кўчириб ўтказиш мумкин бўлиб, одамлар ўзларини тобора ёш ҳис қилишлари ва ҳатто умрбоқийликка эришишлари мумкин».
«Башоратлар кўрсатишича, бу асрда 150 ёшгача умр кўриш имконияти мавжуд», — дея жавоб беради Си, шундан сўнг эфир бошқа камерага ўтказилади.
Путин ва Си Жинпинг 72 ёшга тўлган. Путиннинг бешинчи президентлик муддати 2030 йилда якунланади. Си Жинпингнинг ҳозирги — учинчи ваколат муддати эса 2028 йилда ниҳоясига етади.