Видеони YouTubeʼда томоша қилинг:
👉https://www.youtube.com/watch?v=jsq1JHUgHHs
Исроил ҲАМАСнинг матбуот котибини ўлдирди
Исроил мудофаа вазирлиги Ғазо шаҳрида амалга оширилган ҳаво зарбаси оқибатида ҲАМАС ҳарбий қаноти матбуот котиби Абу Убайда ҳалок бўлганини билдирди.
Фалокатли ҳужум 30 август куни Ғазо шаҳрининг Римал маҳалласини нишонга олган. Исроил томони унинг ўлими ҳақида аниқ баёнот берган бўлса-да, ҲАМАС ҳозирча бу хабарни тасдиқламади.
Абу Убайданинг сўнгги баёноти жума куни эълон қилинган, унда у гаровдаги шахсларни асраб қолишга ҳаракат қилишини айтган, бироқ ўлик гаровдаги шахсларнинг жасадлари «ҳамиша йўқолиб кетиши» ҳақида огоҳлантирган эди. Исроил армияси унинг ташвиқот видеолари ва гаровдаги шахсларни намоён қилган роликлар орқасида турганини маълум қилди.
Ғазо шаҳрида уруш янада кучайди. Ҳудуднинг энг йирик шифохонаси «Шифо» маъмуриятининг билдиришича, шанба ва якшанба кунлари камида 43 фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг кўпчилиги шаҳарнинг Римал маҳалласида ва озиқ-овқат қидириб юрган пайтда нишонга олинган. Гувоҳлар Исроил ҳарбийлари Нетзарим йўлагида тўпланган аҳолига ўт очганини айтишмоқда.
Ким Чен Ин Пекинга қизи билан борди
Корея халқ демократик республикаси раҳбари Ким Чен Ин қизи Ким Чжу Э ҳамроҳлигида Хитойга борди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги суратига асосланиб, «Yonhap» агентлиги хабар берди.
Шимолий Корея раҳбари поезддан платформага тушгач, таркибида қизи ҳам бўлган делегация билан биргаликда юргани сурати тарқалди. Таъкидланишича, у отаси билан биринчи марта Хитойга ташриф буюрган.
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпингнинг таклифига кўра, Ким Чен Инни Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси ва ҳукумати аъзолари кузатиб борган. Ким Чен Ин Хитойдаги парадда томошасида иштирок этиш учун келди.
Пекинда ҳарбий парад ўтказилди
Иккинчи жаҳон урушида Япон милитаризми устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган Пекиндаги тантанали тадбирлар 3 сентябр куни ўтказилди. Тянанмен майдонида ҳарбий парад бўлиб, унда ШҲТ га аъзо давлат раҳбарлари дохил, жами 24 давлат раҳбари қатнашди.
Жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз рафиқаси билан бирга Пекин шаҳридаги тантанали тадбирларда иштирок этди.
Хитой раҳбари Пекиндаги парадни Россия ва Шимолий Корея етакчилари билан бирга кузатди.
Пекиндаги парад давомида дронларга қарши курашиш учун мўлжалланган бир неча лазер мудофаа тизимлари намойиш этилди.
Шунингдек, масофадан бошқарилувчи роботлаштирилган платформалар олиб ўтилди. Хитой ҳарбий самолётлари майдон узра парвоз қилди.
Парад давомида Хитойнинг гипертовушли ракеталари ҳам намойиш этилди. Бундан ташқари Хитой масофадан бошқарилувчи катер ҳамда сувости платформасини намойиш қилди. Ҳарбий куч намойиш этилган парад охирида тинчлик рамзи бўлган кабутарлар осмонга учирилди.
Украинада 7 та ерости мактаби очилди
Украинада янги ўқув йилида минглаб болалар хавфсизлик учун еростида дарс бошлади. Харкив шаҳрида Россия ҳужумлари сабаб еростида 7 та мактаб иш бошлади ва уларда 17 мингга яқин ўқувчи таълим олмоқда.
Бу тажриба шаҳарнинг энг кўп зарар кўрган туманларида амалга оширилмоқда.
Шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, яқин кунларда еростидаги мактаблар сони яна ошиши кутилмоқда. Харкив мери Игор Тереховнинг айтишича, яқин вақтда яна 3 та мактаб ишга туширилади ва шаҳар метросидаги 6 та бекат синфхоналарга айлантирилган.
Нова Салтивка туманида икки мактаб фаолият бошлаб, уларда 1,5 мингга яқин бола таҳсил олмоқда. Хавфсизлик чоралари сабаб, ота-оналар бу муассасаларга ишонч билдиришмоқда.
Наманган шаҳар ҳокими 60 минг доллар пора билан ушланди
Наманганда шаҳар ҳокими тадбиркордан кўп қаватли уй қуриш учун ер ажратиш эвазига пора талаб қилганликда айбланмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев поябзал ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари билан тил бириктириб, фуқародан 60 минг АҚШ доллари талаб қилган. Бу маблағ эвазига у шаҳар марказидаги 35 сотих майдонда жойлашган эски турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини таъминлашга ваъда берган.
Тезкор тадбир чоғида дастлаб МЧЖ раҳбари пулни қабул қилаётганда ашёвий далиллар билан ушланган. Шундан сўнг ҳоким ҳам девонхона мудири орқали пулни олган пайтда қўлга олингани маълум қилинмоқда.
Тергов органлари маълумотига кўра, шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Унга Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди асосида айблов қўйилган. Шунингдек, МЧЖ раҳбари ва девонхона мудири ҳам турли моддалар бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган.
«Ўзбекнефтгаз» ниҳоят АИ-80 бензини сотувини тўхтатмоқда
«Ўзбекнефтгаз» АЖ 2025 йил 2 сентябрдан бошлаб АИ-80 русумли бензинни биржа савдолари орқали сотишни тўхтатди. Бу ҳақда компания расмий баёнотида маълум қилинди.
Қарор давлат раҳбарининг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури доирасида қабул қилинган. Мазкур дастурда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил иқтисодиёт» тамойилларига асосланган энергетика сиёсати юритилиши белгиланган эди.
Маълумотларга кўра, энди биржа савдоларига фақат Аи-92 русумли бензин чиқарилади. Бунгача ҳар куни ўртача 1000 тонна Аи-92 таклиф этилган бўлса, ҳозирда бу ҳажм 1720 тоннага етказилган. Компания ички бозор талабидан келиб чиқиб, ушбу ҳажмни янада кўпайтириш имконияти мавжудлигини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, август ойида тадбиркорлар томонидан сотиб олинган Аи-80 русумли бензин ҳажмлари сентябрда ҳам ўз эгаларига етказиб берилади. Бу жараён амалдагилар ва мавжуд захиралар доирасида бажарилади.
Мутахассислар фикрича, юқори октанли бензинга ўтиш нафақат муҳитни муҳофаза қилиш, балки автомашиналар самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.