Қурилиш соҳасидаги муаммолар: норасмий ишловчилар, солиқ ва кадастрдаги коррупция

17:00 | 13 дақиқада ўқилади.

Қурилиш соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда расмий ва норасмий ишловчилар, солиқдан қочиш ҳолатлари, кадастр ҳамда рухсатномалар олишдаги коррупцион ҳолатлар муҳокама қилинди.

Qurilish inf 03

29 август куни Савдо-саноат палатасида қурилиш соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда қурилиш соҳасидаги яширин иқтисодиёт, муаммолар ва соҳа вакиллари билан савол-жавоблар ташкил қилинди.

Qurilish inf 01

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг айтишича, қурилиш сектори хуфиёна иқтисодиётда энг юқори даражада турибди. Аниқроқ айтганда, қурилишдаги 41 фоиз улуш яширин қолмоқда, бу эса 97 трлн сўм дегани.

Солиқ қўмитасининг маълумотига кўра, соҳадаги яширин солиқлар 1,2 трлн сўм, талон-торож қилинган маблағ эса 203 млрд сўмни ташкил қилмоқда.

Қурилиш корхоналари сони 2023 йилда 33 мингдан 2024-йилда 28 минггача қисқарган. Бироқ солиқ тушумлар шу давр мобайни қарийб 1 трлн сўмга ошди.

Товар айланмаси ҳам камайган. 2023 йилда 177 трлн сўмдан 169 трлн сўмгача тушди.

 

Қурилишда расмий ва норасмий ишловчилар

Расмий ишчилар сони 2024 йилда 7 мингга ошган, яъни 2023 йилда 287 мингдан 2024 йил 294 мингга етган. Қурилишда норасмий ишловчилар эса 345,3 мингдан 322 мингга камайди, аммо уларнинг кўрсаткичи ҳануз расмий ишловчилардан кўп.

Мулоқот давомида айтилишича, Ўзбекистонда норасмий бандликнинг энг катта қисми қурилиш ташкилотларида кузатилади. Йирик қурилиш ташкилотларидан сўровнома қилинганда, бунга сабаб харажат камлиги дейишган. Яъни бу орқали ҳеч қандай белгилаган шартларни (меҳнат таътили, касаллик варақаси ва ҳоказо) бермасдан, арзон меҳнат ресурсидан фойдаланиш мумкин.

Иштирок этган тадбиркорлардан бирининг айтишича, аксарият ишчилар маҳалла берадиган ёрдам пулларидан маҳрум бўлмаслик учун расмий ишга кирмасликни айтишади. Улар кўпроқ расмий фаолиятнинг кафолатидан кўра моддийликни устун кўради. Шунинг учун тадбиркор маълумотларни умумийлаштириб, норасмий ишчиларни рўйхат қиладиган тизим яратишни таклиф қилди.

Камбағаллик қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов норасмий ишлайдиганларни рўйхат қиладиган тизим ишламаслигини айтган. Унинг ўрнига, аҳолининг камбағаллик даражасини янада яхшироқ таҳлил қиладиган скоринг устида ишланаётганини маълум қилган.

 

Қурилишдаги солиқ ва божхона имтиёзлари

Қурилиш соҳасига солиқ юки 4,5 фоизни (2023 йилда 4 фоиз), солиқ тушумлари эса 8 трлн сўмни ташкил этади. Ўтган йили 3,2 трлн сўм имтиёзлар ажратилди: шундан 1,8 трлн сўми солиқ, 1,4 трлн сўми божхона тўловлари ҳисобланади.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркор «яшил кўрсаткич»даги қурилиш компанияларининг солиқ ставкаларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов эса солиқ учун имтиёз беришдан аввал «яшил кўрсаткич»да ишловчи қурилиш компанияларини ошириш мақуллигини айтган.

«Ҳозир биз сизларни ҳимоя қила олмаймиз. Негаки бу («яшил», «сариқ», «қизил» кўрсаткичлар ва солиқ масаласи) қурилишдаги энг хуфёна йўналиш. Масалан, бунга қандайдир механизм ишлаб чиқиш мумкин. 5 млн сўмдан кам ойлик бермаётган, квартираси 5 млндан кам даромадга сотилмаётган тадбиркорларга «яшил чироқ» қилиб берайлик. Уларни ҳеч ким келиб текширмасин, фақат онлайн назорат қилинаверсин. Ҳозир «қизил» кўрсаткичдагиларни сонини «сариқ»қа кўтариб, ҳукуматга бориб имтиёз сўрасак ярашади», — дейди Савдо-саноат палатаси раиси.

Қурилишга ажратилган давлат маблағлари ҳажми 17,7 трлн сўмдан 21,4 трлн сўмга, қурилган объектлар сони 1695 дан 1881 тагача ошди.

 

Қурилиш соҳасида қандай муаммолар бор?

914 та қурилиш объектида бажарилган ишлар ҳажмини кам баҳолагани учун бюджетга 243 млрд сўм маблағ йўқотилган. 1,5 мингта тугалланган объектнинг ўз вақтида расмийлаштирилмагани натижасида яна 200 млрд сўм ер ва мол-мулк солиғидан маҳрум қилинган.

Qurilish inf 02

6,3 минг масъулияти чекланган жамиятда 1 нафардан ортиқ ходим ишламайди. Натижада бир неча миллиард сўмлик қурилиш ишлари бир киши зиммасига тушади.

Шунингдек, 32,4 минг объектда солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари аниқланиб, устав капиталига ҳисса сифатида 5,7 трлн сўмлик қурилиш материаллари рўйхатга олинган.

126 минг метр квадратдан ортиқ уй-жой (10 минг хонадон) бир метр квадрати атиги 1,2 млн сўмдан (100 доллардан кам) ҳужжатлар бўйича рўйхатга олинган. Уй-жой нархини паст кўрсатиш солиқ тўлашдан қочиш усулларидан бири.

Аввалроқ, Даврон Ваҳобов тадбиркорлар давлатдан яширин бизнесга қарши чора-тадбирларни кучайтиришни сўрашаётганини айтганди.

«Ноқонуний ишлаётган тадбиркорлар уй-жой сотишда мижозларга чегирмалар таклиф қилмоқда. Бироқ улар таннархнинг арзонлашгани учун эмас, балки бюджетга солиқ тўланмаганлиги сабабли юзага келади», — деган Савдо-саноат палатаси раиси.

Маълумот учун, 2025-йил дастлабки ярим йилликда Ўзбекистондаги хуфёна иқтисодиёт ЯИМнинг учдан бир қисмини ташкил қилмоқда. Унинг ҳажми 265 трлн сўмдан ошган.

 

Кадастр ва рухсатномалар олишдаги коррупция

Очиқ мулоқотда тадбиркорлардан бири рухсатнома ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга оид муаммоларга тўхталиб ўтди.

Тадбиркор Усмонжон Абдусаматовнинг айтишича, уй қурилишида ер сотиб олиб кейин унга ҳақиқий нархини кирита олмаслик билан муаммолар бор. Шунинг учун бир тизим ишлаб чиқиш керак. Масалан, Мирзо Улуғбек туманида бир сотих ер учун 100 минг доллар, Сергели туманида 40 минг доллар, Чорсу бозори ҳудудида 50 минг доллар нарх қилиб белгилашни таклиф қилди. Буни қонунийлаштирса, кейинчалик таъсири сезилишини айтган.

Бундан ташқари, қурилиш рухсатномаларини олиш билан боғлиқ муаммолар дастлабки босқичидаёқ бошланади.

«Ерни сотиб олдик. Ана энди рухсатнома олиш керак. Рухсатнома оладиган жараёнимизда рухсатнома учун ариза ташлаяпмиз. Ариза «отказ», ариза ташлаяпмиз, ариза «отказ». Токи ҳалиги манзилига бориб, «ассалому алайкум» бўлмагунча (бориб гаплашмагунча). Тўғри гапни гапиришимиз керак. Бу тўғридан-тўғри эртанги харажатимизга таъсир қиляпти», — деди тадбиркор.

Усмонжон Абдусаматов 500 минг долларга битта уй қуришда жараённи «тезлаштириш» харажати 50−100 минг доллар ёки ундан кўпроққа етиши мумкинлигини айтди.

Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Тошкентда рухсатномалар олиш ва кадастр реестридан ўтиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар ҳар бир уй учун 200 минг доллар, Тошкент вилоятида эса 100 минг долларгача етиши мумкин. Шунингдек, у аризалар нега рад этилганлиги ҳам аниқ кўрсатилишини талаб қилди.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов таклифларни асосли деб атади.

Бу ҳолатга нисбатан иқтисодчи Юлий Юсупов ўз блогида муносабат билдирди.

«Амалдагилар бозор ўрнини ўз қарорлари билан босиб олиб, иқтисодиётни турли рухсатномалар, келишувлар, «сертификациялар», тақиқлар, квоталар, давлат буюртмалари, имтиёз ва субсидиялар орқали шаффоф бўлмаган механизмлар билан тўсиб ташлаяпти, рақобатни эса турли йўллар билан чеклаяпти ёки йўқ қиляпти. Буларнинг мутлақо табиий натижаси — самарасизлик, қашшоқлик ва коррупция», — дейди Юсупов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда уй-жой харидларига кэшбек жорий қилиниши ҳақида хабар берилган эди.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.