Россиялик файласуф муҳожирларни ўз динидан воз кечиб, православликни қабул қилишга чақирди

21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Александр Дугин муҳожирларга ультиматум қўйди: ё православликни қабул қилиб рус бўласиз, ё эркаклар Украинани қараб урушга жўнаб кетади, аёллар эса ҳижобида «Z» белгисини тақади.

Dmitriy

Россиялик ўта миллатчи файласуф Александр Дугин муҳожирларга нисбатан баҳсли чақириқ билан чиқди. Унинг фикрича, Россияда яшаш учун икки йўл бор: «ё православликни қабул қилиб рус бўлишади, ё эркаклар Украина урушига жўнаб кетади». Бу ҳақда «TRT на русском» хабар берди.

Дугинга кўра, Россиядаги тожик, ўзбек ёки озарбайжонликлар православликни қабул қилиб, Украина урушида Россия тарафини қўллаб-қувватласа, мигрант эмас рус сифатида кўрилади. У бундай йўлни ассимиляциянинг ягона шакли деди.

У ҳатто мусулмон аёлларга ҳам талаб қўйди. Дугиннинг ёзишича, агар мусулмон аёл Ислом либосидан воз кечиб, сарафан кийса ва черковга борса, у россиялик ҳисобланиши мумкин. Шунингдек, агар муслима аёл армияга ёрдам берса — масалан, православ аёллар билан бирга аскарлар учун махсус кийимлар тўқиса — у алоҳида ҳурматга сазовор бўлади.

Дугин мусулмон аёлларга яна бир аҳмоқона ғояни таклиф қилди: улар ўз ҳижобига «Z» белгисини қўйиб, Россияга ҳамдардлик билдириши мумкин.

Унга кўра, мазкур вариантларни рад этган муҳожирлар Россияни тарк этиши керак.

Маълумот учун, Россияда миллионлаб муҳожирлар (асосан мусулмонлар) яшайди ва улар иқтисодиётнинг муҳим қисмини таъминламоқда.

63 ёшли Александр Дугин — ўта ўнг сиёсий қарашлари билан танилган шахс. У Россия империализмини тарғиб қилади, Ғарб либерализмини кескин танқид қилади. Кўп ҳолларда уни «Путиннинг мияси» ёки «Путиннинг Распутини» деб аташади.