Шерзодхон Қудратхўжа тошкентликлардан ёрдам сўради

03.09.2025 19:40 | 2 дақиқада ўқилади.

У пойтахт аҳолисини ётоқхонасиз қолган вилоятлик талабаларга уй эшикларини очишга чақирди.

Sherzodhon qudrathoja

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа пойтахт аҳлига видеомурожаат йўллади. У тошкентликларни вилоятлардан келиб, ётоқхонасиз қолган талабаларни ўз уйларига қабул қилишга чақирди.

Ректорнинг сўзларига кўра, барча ОТМлар ҳам ўз талабаларини ётоқхона билан таъминлай олмайди.

«Дўстлар, уйингизда бўш турган ёки жойлашиш мумкин бўлган бир хонангиз бўлса ҳам, қора кўзларимиз учун уй эшикларингизни очишингизни сўрайман. Заҳирадаги уйларингиз ёки катта ҳовлиларингиз бўлса, талабаларни қабул этинг. Талаба кирган жойга файз киради, билим, илм-маърифат киради. У сизни оғирингизни енгил қилади, юмушларингизга қарашади, сизга шерик, ҳамсуҳбат бўлади. Шундай экан, меҳрибон бўлинглар, бағринкенг бўлинглар. Зеро, талабаларимизнинг фойдаси сизларга ҳам тегади», – деб ёзади ректор ўзининг Телеграм-каналида.

Қудратхўжанинг таъкидлашича, унинг ўзи ҳам уч нафар талабани уйига қабул қилган.