Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини мониторинг қилувчи IQAir сервисида кўрсатиладиган станциялар сони кескин қисқариб кетди. Аввалги ўнлаб станцияларнинг аксарияти харитадан йўқолгани қайд этилди. Ҳозирда фақат 4 та станция фаол кўринмоқда ва уларнинг барчаси Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати марказига тегишли, деб ёзмоқда Tashkent Land
Бу ўзгариш шаҳарда ҳаво сифати ёмонлашган пайтда юз бермоқда. Сўнгги кунларда Тошкентда ҳаводаги зарралар концентрацияси ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бироқ аҳоли ҳаво сифати ҳақида реал вақтдаги маълумотларни олиш имконияти чекланиб бормоқда.
Айни пайтда бу муаммо фақат Тошкентга хос эмас. IQAir платформасидаги глобал маълумотларга кўра, Бишкекда ҳам ўнлаб станциялардан фақат биттаси қолган. Ҳудудий техник носозлик ёки маълумот узатишдаги узилишлар эҳтимолдан холи эмас.
IQAir ҳозирча бундай кенг кўламли узилишлар сабабини расман изоҳламади. Бироқ кузатувчилар бундай ҳолатлар аҳоли учун хавф-хатарли эканини ва ҳаво сифати мониторингида шаффофлик таъминланиши кераклигини таъкидлашмоқда.
Ҳозирча Ўзгидрометга тегишли тўртта станция фаолият юритмоқда ва улар орқали фақат реал вақт режимида маълумотлар олиш мумкин. Албатта, мустақил станциялар фаолиятисиз ҳаво сифати ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имкони чекланади.