Венгриянинг қаршилиги сабаб Молдова Евроиттифоққа аъзо бўлишдан тўхтаб қолди

03.09.2025 18:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Венгрия Украина аризасига вето қўйгач, ЕИ Молдова билан музокараларни ҳам тўхтатди — чунки ҳар икки аризани биргаликда кўриб чиқиш сиёсати ҳали ҳам кучда.

Eu ukr mld

Молдова ва Украина билан Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокаралар Венгриянинг қаршилиги туфайли тўхтаб қолди. Euronews маълумотига кўра, Будапешт Украина аризаси бўйича кейинги босқич музокараларни блоклаган ва бу ЕИ регламентларига кўра автоматик равишда Молдова аризасига ҳам таъсир қилган.

Чунки Европа Иттифоқи бу икки давлат аризасини биргаликда кўриб чиқиш сиёсатига содиқ қолмоқда. Бу сиёсатни ўзгартириш Украинага хавфсизлик кафолатлари юзасидан салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган хавотир бор. Аммо сўнгги ойларда аризаларни алоҳида кўриб чиқиш ғояси кенг тарқалди. Бунинг сабаби — Венгриянинг Украина аъзолигини қатъий рад этиш позициясидир.

ЕИга раислик қилаётган Дания ҳукуматининг вакиллари Будапештга нисбатан «максимал босим» ўтказилишини маълум қилган. Шу билан бирга, Венгриянинг Европа ишлари бўйича вазири Янош Бока Молдова аризасини қўллаб-қувватлашини айтди, аммо уни Украинаники билан боғлашга қарши эканини билдирди.

Франция ва Швециядан юқори мартабали дипломатлар Венгрия позициясини қаттиқ танқид қилган. Франция вакили Бенжамен Ҳаддад Будапештни «ички сиёсий манфаатлар» учун музокараларни блоклашда айблади. Швед вазир Жессика Розенкранц эса ветони «мутлақо қабул қилиб бўлмас» ҳолат деб баҳолади.

Президент Володимир Зеленский аввалроқ аризаларни ажратиш Европанинг Украинага нисбатан хавфсизлик кафолатлари борасида бирлик йўқлигини намойиш этишидан огоҳлантирган эди. Politico манбаси ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Венгрия бош вазири Виктор Орбанни позициясини қайта кўриб чиқишга кўндирган. Будапештга нисбатан босим кучайган.

Шу пайтгача Россия президенти Владимир Путин Украина ЕИга аъзо бўлишига қарши эмаслигини баён этган: «Биз ҳарбий инфратузилманинг Украинада пайдо бўлишига қарши бўлганмиз. Лекин иқтисодий интеграция — бу уларнинг танлови», деган у.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса Молдованинг ЕИ билан яқинлашувини танқид қилган. Унга кўра, бу ғарб давлатлари ва ҳозирги ҳукумат томонидан халқни «жаҳаннамга етаклаш»дир. Захарова буни МДҲ давлатлари ва Россия билан алоқаларни узиш сиёсатининг натижаси, деб баҳолаган.