Хитой Туркманистоннинг энг йирик газ конини ўзлаштириш тендерида ғолиб бўлди

22:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Энди Хитой дунёдаги энг йирик газ конларидан бири «Галқиниш»ни ўзлаштиришда Туркманистонга ёрдамлашади.

Turkmenistan gaz

Хитой томони йирик «Галкиниш» газ конининг 4-босқичини ўзлаштириш бўйича халқаро тендерда ғолиб бўлди. Бу ҳақда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов сешанба куни Пекинда Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпинг билан учрашувда маълум қилди.

Унга кўра, икки давлат газ соҳасидаги шерикликнинг асосий тамойилларини белгилайдиган бош келишув лойиҳасини тайёрлаган. Мазкур ҳужжат энергетика ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун асос бўлади.

Си Жинпинг эса «Галқиниш» конни ўзлаштиришда иштирок этиш Хитой учун катта шараф эканини таъкидлади. У Туркманистон томони яратиб берган имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, газ етказиб бериш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Туркманистон раҳбариятининг қайд этишича, «Туркманистон — Хитой» газ қувури 15 йилдан ортиқ вақтдан бери ишлаб келмоқда ва уни янада кенгайтириш режалаштирилган. «Галқиниш» конининг умумий захиралари 27,4 триллион куб метрга баҳоланган бўлиб, фақат коннинг ўзидаги захиралар 20 триллион куб метрдан ортиқ.

Кони ўзлаштириш 2013 йилда бошланган ва 7 босқичдан иборат. Ҳозирда биринчи босқич ишламоқда, 52 та қудуқ фаолият кўрсатмоқда, яна 10 га яқин қудуқ қазилмоқда. Ҳар бир босқичда доимий қазиб олиш муддати 30 йилдан ошиши ва йилига 200 миллиард куб метргача газ ишлаб чиқариш имконияти назарда тутилган.