Ерости сув иншоотларига ҳисоблагич ўрнатиш тартиби белгиланди

10:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда ерости сувини ҳисобга олиш учун иншоотларни махсус ҳисоблагич воситалари билан жиҳозлаш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилди.

Quduq suv

Ҳукумат қарорига мувофиқ, ерости сувидан фойдаланишда ҳисоблагич ўрнатиш шарт бўлади. Ҳисоблагичлар давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатдан ўтказилиб, муҳрланади. Шу билан бирга, ҳисоблагич ўрнатилмаган иншоотлардан сув олиш қатъиян тақиқланади.

Фақат Ўзбекистон Республикасида ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган турдаги сув ҳисоблагичларидан фойдаланишга рухсат берилади. Бу сув ресурсларидан самарали ва шаффоф фойдаланишни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ҳудудий гидрогеология станциялари ва туман солиқ инспекциялари сўровнома юборилгандан сўнг 10 кун ичида ўрнатилган ҳисоблагичларни рўйхатдан ўтказиб, муҳрлаб қўяди. Давлат хизмати учун белгиланган йиғим БҲМнинг 50 фоизини ташкил қилади.

Янги тартиб сувдан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, сув ресурсларини тежаш ҳамда давлат назоратини кучайтиришга хизмат қилади.