Alif Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаш учун банк очмоқчи

11:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Марказий Осиё финтех компанияси Alif Ўзбекистонда тадбиркорлар учун замонавий технологияларга асосланган банк ташкил этишни режалаштирмоқда.

Alif

Alif компанияси Ўзбекистонда банк очиш режаси ҳақида маълум қилди. Компаниянинг таъкидлашича, мазкур банк асосан кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлади. Унинг фаолиятида сунъий интеллект (AI), рақамли тўловлар ва булутли платформалардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Компания хабарига кўра, янги банк тадбиркорлар учун таълим дастурлари ва акселераторларни ҳам ўз ичига олади. Шу йўл билан Alif маҳаллий бизнеснинг барқарор ўсиши учун замонавий экотизим яратишни мақсад қилмоқда.

«Биз Ўзбекистондаги фаолиятимизни кенгайтирмоқдамиз. Тадбиркорлар барқарор иқтисодий ўсишнинг асосидир ва биз улар учун энг яхши экотизимни қуряпмиз», — дейилади компания маълумотида.

Alifнинг режаларига кўра, янги банк халқаро стандартларга мос равишда ишлайдиган маҳаллий жамоалар билан фаолият юритади. Бу эса хизматлар сифатини ошириш ва рақамли молия бозорида рақобатбардошликни таъминлашга қаратилган.

Маълумот учун, Alif — Марказий Осиёда фаолият юритаётган йирик финтех компанияларидан бири. У Тожикистонда тўлақонли банк сифатида ишлайди, Ўзбекистонда эса электрон тижорат ва финтех хизматлари билан шуғулланади.