Сенат ялпи мажлисида Қутбиддин Бурхонов мобил алоқа операторлари орқали абонентларнинг розилигисиз пуллик СМС ва хизматларга уланиш ҳолатлари кўпаяётганини билдирди. Унга кўра, ҳисобдан маблағ сўралмасдан ечилаётгани истеъмолчи ҳуқуқларини бузмоқда.
2025 йил 1 январ ҳолатига абонентлар сони 36 миллион нафардан ошиб кетгани маълум қилинди. Ҳозирда 100 дан ортиқ контент провайдер турли хизматларни тақдим этмоқда.
Улар телекоммуникация компаниялари билан шартнома асосида ишлайди, аммо амалда маблағ абонент ҳисобидан унинг розилигисиз ечилади. Бир марта уланган абонентдан ҳар кун ёки ойда тўлов сўралавериши катта норозилик келтирмоқда.
Текширув натижалари контент хизматига уланиш осон, аммо уни бекор қилиш мураккаб жараён эканини кўрсатди.
Шунингдек, провайдерлар фаолиятини тартибга солувчи махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқлиги ҳам аниқланди. Абонентларга берилган лицензия шартларида улар учун алоҳида талаб ҳам назарда тутилмаган.
Маълумот учун, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 2024 йилда 1199 та мурожаат қабул қилиб, 683,2 миллион сўмни истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоблаб берган.
Сенаторлар ҳуқуқий бўшлиқлар муаммога асосий сабаб эканини таъкидлаб, ҳукумат даражасида ечим топиш зарурлигини қайд этди.
Бурхонов фикрича, аҳолининг миллиардлаб сўм маблағи ихтиёрисиз ечилиши қонунбузарликларга йўл очиши мумкин. Шу боис, у норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш зарурлигини ва бу жараёнда қўмита ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.