Ангренда терговчи пора билан ушланди

09:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ангрен шаҳрида терговчи фуқарога нисбатан иш қўзғатмаслик учун 10 минг доллар пора талаб қилиб, қонун ҳимоячилари томонидан қўлга олинди.

Dxx

Тошкент вилояти Ангрен шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси ўз иш юритувида бўлган текширув иши доирасида фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилгани аниқланди.

Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда терговчи сўралган маблағнинг ярми — 5 минг долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Расмий маълумотларга кўра, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «б» банди бўйича жиноят иши қўзғатилган. Суд қарорига мувофиқ, айбланувчига «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мутасадди идоралар мазкур жиноят ишлари қатъий назорат остида эканини маълум қилган.

Аввалроқ Наманган шаҳар ҳокими пойабзал ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари билан тил бириктириб, фуқародан 60 минг АҚШ доллари талаб қилгани ҳақида хабар берган эдик.