Оксфорд университети қошидаги Reuters институтининг сўровномасига кўра, дунё бўйича интернет фойдаланувчиларининг 40 фоизи янгиликларни ўқишдан воз кечган. АҚШда 42, Буюк Британияда эса 46 фоизни ташкил этган. Солиштириш учун бу кўрсаткич 2017 йилда 29 фоиз бўлган.
Тадқиқотда иштирок этганлар янгиликлардан воз кечиш сабабини асосан салбий кайфият, узлуксиз уруш ва фалокатлар хабари, ортиқча маълумот оқими ва уларни назорат қила олмаслик ҳисси билан изоҳлашган.
Мардетт Берр, АҚШнинг Аризона штатида истиқомат қилувчи пенсионер, саккиз йил олдин янгиликларни мутлақо ўқишдан тўхтаганини ва шу вақтдан буён хавотирдан холи бўлганини айтган. Британиялик маркетинг мутахассиси Жулиан Беррет эса пандемиядан бери ОАВдан узилишга ҳаракат қилиб, ҳатто Reddit’да махсус ҳамжамият очган.
Миннесота университети қошидаги Журналистика маркази директори Бенжамин Тофф сўнгги йилларда «янгиликлардан қочиш» тенденцияси ёшлар, аёллар ва даромади паст аҳоли қатламлари орасида кўпроқ кузатилаётганини таъкидлаган. Унинг фикрича, янгиликларни мутлақо четга суриш ижтимоий иштирок ва сиёсий жараёнларда фаолликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, мутахассислар янгиликлардан бутунлай воз кечмасдан, уларни меъёрида ўқиш ва салбий таъсирини камайтириш учун махсус чекловлар жорий қилишни тавсия этмоқда. Масалан, куннинг маълум вақтларида янгиликлар билан танишиш ёки ортиқча видеолардан воз кечиш инсон руҳиятига енгиллик бериши мумкин.