ДХХ ва Қуролли Кучлар академиясига ишга кириш 30 минг доллар? «Қулоққа лағмон илган»лар ушланди

21:20 | 4 дақиқада ўқилади.

37 ёшли фуқаро ўзини ДХХ ходими дея таништириб, одамларни ишга жойлаб қўяман деб алдаб, пул олган.

Pora

Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ўзини давлат органларида ишлайдиган шахс сифатида таништирган икки фуқаро фуқароларни алдаб, катта миқдорда пул олиб, ишга киритишни ваъда қилган вақтда ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи 37 ёшли фуқаро ўзини ДХХ ходими дея таништириб, 28 ёшли маҳаллий фуқарони давлат хавфсизлик органларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган. У 2024 йилнинг сентябр ойидан 2025 йилнинг июн ойига қадар турли баҳоналар билан алдаб жами 30 минг АҚШ доллари ва 510 млн сўм пул маблағларини олган.

Бундан ташқари, у мазкур фуқаронинг қариндошини Қуролли Кучлар академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг доллар талаб қилиб, ҳозирга қадар 4 минг доллар олган.

«Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган 10 минг АҚШ доллари ҳисобидан яна 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди», — дейилади хабарда.

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида истиқомат қилувчи 64 ёшли шахс ўзганинг ишончига кириб, уни Давлат хавфсизлик хизмати идораларига ишга киритиб қўйиш эвазига 7 минг доллар олган вақтида ДХХ ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

«Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.