Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Пекиндаги учрашувга ўзининг ҳожатхонаси, тўшаги ва махсус ахлат пакетлари билан келди. Бу ҳақда «Reuters» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бу диктаторнинг отаси Ким Чен Ир давридан бери одат тусига кирган. Бундан мақсад чет эл махсус хизматларининг ҳатто дўстона давлатларда ҳам ДНК намуналарини олишига йўл қўймасликдир. Бу йўл билан Кимлар сулоласи ўз саломатлиги ва махфий маълумотларини ҳимоя қилади.
Қолаверса, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Ким Чен Иннинг ёрдамчилари у кетгач, учрашув ўтган хонадан барча изларни йўқотиб, мебелларни тозалаётгани акс этган. Улар стаканлардан тортиб, Ким Чен Ин қўл урган буюмларгача йиғиштириб чиққан.
«Reuters» эслатишича, Ким жамоаси бундай хавфсизлик чораларини илгари ҳам қўллаган. Хусусан, 2019 йилда Ханойда Доналд Трамп билан саммитдан сўнг Кимнинг қўриқчилари бир неча соат давомида унинг меҳмонхона хонасини тозалашган, шунингдек, матрас каби буюмларни олиб чиқишган.
2018 йилда Жанубий Кореянинг ўша пайтдаги президенти Мун Чже Ин билан учрашувда Ким ўтиришидан олдин Шимолий Корея қўриқчилари стул ва столни дезинфекция қилишган.
2023 йилда Путин билан бўладиган саммит олдидан эса КХДР раҳбарининг қўриқчилари нафақат стулни дезинфекция қилишди, балки уни металл қидиргич ёрдамида ҳам текшириб чиқишди.