Криптовалюта қандай пайдо бўлган ва нега машҳур?

17:00 | 16 дақиқада ўқилади.

Ҳозирги кунда деярли ҳар куни «криптовалюта» сўзи учрамоқда, лекин кўпчилик у нима эканлигини ва қандай ишлашини билмайди. У аслида қандай пул тури ва оддий пулдан нимаси билан фарқ қилади?

Kriptovalyuta qanday yaraldi

Криптовалюта нима?

Криптовалюта — бу фақат рақамли муҳитда мавжуд бўлган электрон пул ҳисобланади. Уни қўлда ушлаб бўлмайди, чунки у на қоғоз, на тангада мавжуд эмас. Криптовалюта марказлашмаган, яъни уни чиқарадиган ёки назорат қиладиган ягона ташкилот йўқ.

Оддий пулни марказий банк чиқаради ва давлат назорат қилади. Криптовалюта эса бутун дунё бўйлаб тарқалган компютерлар тармоғи орқали бошқарилади. Содда қилиб айтганда, у мустақил, эркин ва марказий бошқарувга боғлиқ бўлмаган пул шакли ҳисобланади.

 

Криптовалюта тарихи

Криптовалютанинг ривожланиши 1980-йилларнинг охири ва 1990-йилларнинг бошларига бориб тақалади. Аммо криптовалютанинг амалий шаклга келиши 2009 йилда Биткоиннинг яратилишига тўғри келади.

David chaum 01
Дэвид Чаум

1983 йилда америкалик криптограф Дэвид Чаум «ecash» деб номланган биринчи марказлаштирилмаган рақамли валюта тизимини ишлаб чиқди. Лекин бу етарлича танилмади. 1990-йилларнинг бошларида PayPal сингари электрон тўлов тизимлари яратилди, аммо улар марказий назоратга эга эди.

David chaum 02
Рақамли пуллар ва аноним тўлов тизимларининг пионери Дэвид Чаум (ўнгдан иккинчи) криптография ва интернет хавфсизлиги тарихида муҳим ўрин тутадиган шахслар билан бирга. 1990-йиллар боши.

1998 йилда Вэй Дай «b-money» концепциясини таклиф қилди, у марказлашмаган электрон пул тизимини тушунтирди ва Биткоиннинг назарий асосларидан бири бўлди. Шунингдек, Ник Сабо «bit gold» лойиҳасини илгари сурди, у ҳам Биткоингача бўлган электрон валюталар тарихида муҳим қадам сифатида ҳисобланади.

Криптовалютанинг инқилоби 2008 йилда содир бўлди. «Сатоши Накамото» тахаллусидаги шахс «Bitcoin: A Peer-to-Peer Electronic Cash System» номли мақола нашр этди. Унда янги турдаги электрон тўлов тизими таърифланган бўлиб, асосий мақсад банклар ёки бошқа воситачиларсиз одамдан одамга бевосита пул ўтказиш имконини яратиш ғояси илгари сурилган эди.

David chaum 03
Сатоши Накамото

2009 йил январ ойида илк криптовалюта — Биткоин ишга тушди. Биткоиннинг биринчи блоки (genesis block) яратилиб, дастлаб 50 Биткоин қазиб олинди.

Биткоиннинг дастлабки йилларида ҳеч қандай аниқ қиймати бўлмаган, у асосан технологик тажриба сифатида ишлатилган. Аммо 2010 йилда дастлабки ҳақиқий савдо амалга оширилди — Ласзло Ханеч исмли дастурчи 10,000 Биткоин эвазига иккита пиццани сотиб олди, бу воқеа ҳозирги кунда «Bitcoin Pizza Day» сифатида қутланади. 2013 йилга келиб, Биткоин нархи биринчи бор 1 000 долларидан ошиб кетди.

2014 йилда эса Биткоин экотизими учун синов йили бўлди. Энг йирик Биткоин биржаларидан бири Mt.Gox бузилиб, тахминан 850,000 Биткоин йўқотилди. Бу воқеа криптовалюта хавфсизлиги ва тартибга солиниши масаласини жиддий муҳокама қилишга сабаб бўлди.

2015 йилда Ethereum лойиҳаси ишга туширилди, у нафaқат криптовалюта, балки ақлли шартномалар ва марказлашмаган дастурлар асосида ишловчи платформа сифатида дунёга танилди. Ethereum кўплаб янги имкониятлар яратди ва криптовалюталар дунёси ривожланишига янги импулс берди.

Бугунги кунга келиб, минглаб криптовалюталар пайдо бўлиб, улар молиявий тизимлар, сармоя, тўловлар ва бошқа кўплаб соҳаларда катта ўзгаришларга йўл очмоқда. Криптовалютанинг эркинлиги, марказлашмаганлиги ва шаффофлиги унга жаҳон бўйлаб миллионлаб фойдаланувчиларни жалб қилди.

 

Криптовалюта турлари

Криптовалюталарнинг турлари кўп. Ҳозирги кунда Биткоиндан ташқари яна минглаб криптовалюталар яратилган. Уларни умумий қилиб — алткоинлар деб аташади. Қиймати долларга боғланган криптовалюталарни эса стейблкоинлар дейишади.

Қуйида 5 турдаги машҳур криптовалюталар ҳақида маълумот берамиз:

 

Биткоин (BTC)

Биткоин — бу биринчи ва энг машҳур криптовалюта. Bitcoin марказсизланган, яъни уни ҳеч қандай ҳукумат ёки бирор ташкилот бошқармайди. Bitcoinнинг асосий мақсади — интернет орқали тўғридан-тўғри, учинчи томонларсиз тўловларни амалга оширишга имкони бериш. Бугунги кунда Bitcoinни кўплаб одамлар рақамли олтин сифатида қабул қилади, у қийматини сақлаш ва катта инвестициялар учун ишлатилади. Bitcoinнинг сони чекланган бўлиб, жами 21 миллион дона бўлиши мумкин. Бу унинг ноёблиги ва қийматини оширади.

 

Ethereum (ETH)

Ethereum — 2015 йилда яратилган иккинчи энг машҳур криптовалюта. Ажралиб турадиган томони шундаки, Ethereum айни пайтда фақат рақамли пул эмас, балки «ақлли шартномалар» ва марказлашмаган иловаларни (dApps) яратиш учун платформа ҳисобланади.

«Ақлли шартнома» — олдиндан белгиланган шартлар асосида автоматик бажариладиган келишув.

 

Ripple (XRP)

Ripple бошқа криптовалюталарга нисбатан тезкор ва арзон халқаро пул ўтказмалари учун мўлжалланган. У банклар ва молия институтлари томонидан тезда ҳамкорлик қилиш ва пул юбориш учун ишлатилади. Ripple тармоғи SWIFT тизимига альтернатив бўлиб, халқаро транзакцияларни оддий ва тез амалга оширишга ёрдам беради. XRP токени ушбу тизимда асосий тўлов воситаси сифатида хизмат қилади.

 

Litecoin (LTC)

Litecoin Bitcoinнинг тезроқ ва арзонроқ версияси сифатида яратилган. У 2011 йилда ишга тушган ва тезроқ транзакцияларни амалга оширади. Litecoinни кўплаб одамлар Bitcoin ўрнини босувчи рақамли пул сифатида кўради, чунки у ўзгартирилган кодга эга бўлиб, транзакция вақти қисқа ва комиссия паст. Бу кичик ва тез-тез тўловлар учун қулай ҳисобланади.

 

Tether (USDT)

Tether (USDT) — бу стабил криптовалюта бўлиб, унинг қиймати доимий равишда 1 АҚШ долларига тенглаштирилган. Бу хусусият унинг нархининг кескин ўзгаришлардан ҳимояланишини таъминлайди. USDT глобал тўловлар ва халқаро пул ўтказмалари учун қулай восита саналади, чунки у тез, арзон ва ишончли транзакцияларни амалга ошириш имконини беради. Шу боис Tether ўзгарувчан бошқа криптовалюталарга нисбатан кўпроқ барқарорлик ва молиявий хавфсизликни тақдим этади. Ҳар бир USDT токени ҳақиқий доллар захираларига асосланган.

 

Криптовалюта ва oддий пулнинг фарқлари

Мезон

Оддий пул Криптовалюта

Чиқарилиш

Марказий банк чиқаради, давлат сиёсати билан бошқарилади.

Алгоритмлар асосида тармоқ иштирокчилари яратади

Назорат

Давлат ва банк тизими назорати остида.

Марказий орган йўқ, консенсус механизми орқали ишлайди.

Кўриниши

Қоғоз, тангалар ва рақамли ҳисобларда мавжуд.

Фақат рақамли, фақат ҳамёнларда сақланади.

Транзакция вақти

Банк иш кунларига боғлиқ, халқаро ўтказмалар секин ва қиммат.

24/7 ишлайди, дақиқаларда бутун дунёга юбориш мумкин.

Барқарорлик

Давлат сиёсати орқали барқарор (инфляция бошқарилади).

Нарх ўзгарувчан, stablecoin’лар бундан мустасно.

Махфийлик

Транзакциялар банк орқали ўтади, шахсийлик чекланган.

Блокчейнда ҳамма кўради, аммо фойдаланувчи аноним бўлиши мумкин.

 

Хавфлари ва афзаллик томони

Криптовалютанинг асосий ютуқлари – унинг марказлашмаганлиги ва чегара билмас тўлов имкониятидир. Жаҳон банки ва BIS ҳисоботларида таъкидланишича, ривожланаётган мамлакатларда пул ўтказмалари қиммат ва секин бўлган ҳолатда, криптовалюта арзон ва тезкор ечим таклиф этади. Блокчейн технологияси эса ҳар бир транзакцияни очиқ ва ўзгармас қилиб қайд этиши билан ишончни оширади. 

Бироқ хатарлар ҳам бор. IMF ва FATF ҳисоботларида қайд этилганидек, давлат кафолати йўқлиги ва нархнинг юқори ўзгарувчанлиги криптовалютани ноаниқ активга айлантиради. TerraUSD’нинг 2022 йилда долларга боғлиқлигини йўқотиши миллиардлаб доллар йўқотилишига олиб келгани бунга ёрқин мисол. Бу воқеа криптовалюта инвесторларини ташвишга солди ва Биткоин нархи ҳам 10 ойда биринчи марта 30 минг доллардан пастга тушган.

Шунингдек, хавфсизлик муаммолари ҳам жиддий: Chainalysis маълумотларига кўра, ҳар йили миллиардлаб доллар ҳакерлик ҳужумлари ва фирибгарлик орқали йўқотилмоқда. 

Шунинг учун халқаро ташкилотлар – БМТ, Жаҳон банки ва BIS – криптовалютани инкор қилишдан кўра, уни тўғри тартибга солиш ва хавфларни юмшатиш йўлини муҳим деб ҳисоблайди.

Криптовалюта ҳақида турли фикрлар бор: айримлар уни хавфли деб ҳисобласа, бошқалар уни молиянинг янги босқичи сифатида кўради. Асосий устунлиги – давлат ва банклардан мустақиллиги, тез ва чегара билмас тўлов имконияти. Албатта, нархнинг кескин ўзгариши ва хавфсизлик муаммолари ҳам йўқ эмас. Шунга қарамай, кўпчилик мутахассислар криптовалютани «келажак пули» деб атайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2030 йилга келиб крипто пост-савдо бозорининг 10 фоизини бошқариш ҳақида хабар берган эдик.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади