Маҳкумлар ҳар бир ўқилган китоб учун 3 кунлик имтиёз олади

13:10 | 3 дақиқада ўқилади.

Сенаторлар китоб ўқиган маҳкумларнинг жазо муддатини қисқартиришни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Бу норма 13,5 минг шахсга тааллуқли.

Senatorlar

Ўзбекистон Сенати «Қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Янги қонунга мувофиқ, жазо ўтаётган маҳкумлар китоб ўқиш орқали муддатдан эрта озод бўлиш имкониятига эга бўлади.

Жиноят кодекси 74/1-модда билан тўлдирилиб, унда маҳкумлар томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази тасдиқлаган рўйхатдаги китобларни ўқиш орқали жазонинг камайтирилиши кўзда тутилган. Ҳар бир китоб учун жазо 3 кунга қисқариши мумкин. Бироқ, бир йилда энг кўпи билан 30 кунлик имтиёз берилиши мумкин.

Бу имконият умрбод озодликдан маҳрум қилинганлардан ташқари, фақат шартли равишда муддатидан олдин озод этилиши мумкин бўлган шахсларга тегишли бўлади. Бундан 13,5 мингдан ортиқ маҳкум фойдаланиши мумкин.

Қонун билан «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартиш киритилди. Жумладан, профилактик ҳисобга олиш асослари қайта кўриб чиқилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик турлари хавф даражаси ва жиноят содир этиш эҳтимолига қараб аниқланиши белгиланди.

Бундан ташқари, маъмурий жавобгарликка оид қонунга ҳам ўзгартиш киритилиб, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарганлик ёки йўл безорилиги содир этган шахслар алоҳида профилактик ҳисобга олинадиган тоифа сифатида белгиланди.