«Менга очко олиш учун ишлаганларингиз керак эмас» — Самарқанд ҳокими

11:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев туман раҳбарларига дам олиш кунлари ишламаслик ва ходимларни ишга чақирмасликни қатъий тайинлади.

Adiz boboyev

Самарқанд вилояти ҳокими в.б. Адиз Бобоев раҳбарлардан иш фақат белгиланган кунларда самарали бажарилиши, дам олиш кунлари эса ходимлар оиласига вақт ажратиши лозимлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бозор куни ёки якшанбада раҳбарлар фақат ишлаётган кўриниш учун одамларни чақириб, «очко олиш»га уринишдан воз кечиши шарт. Ҳоким фикрича, оила, қариндошлар билан вақт ўтказиш ҳам иш самарадорлиги учун муҳим омил ҳисобланади.

«Ўша белгиланган муддатда, олти кунми, беш кунми, ўшанда ҳалол, покиза бўлиб, фидойи бўлиб, тоза ишланглар, етади ўшанинг ўзи, тамом.

Бозор куни уйларингизга бориб, бир оналарингиздан хабар олинглар, фарзандларингизга вақт ажратинглар, аёлларингизга вақт ажратинглар, бир опа-сингилларингиз бордир, амма-холаларингиз бордир, қариндошларингиз бордир.

Шулардан бир хабар олинглар. Бориб уларни бир-ярим соат эшитинглар. Бориб, эшитиб, улар билан бир гаплашиб, ўтирсангизлар бор-ку, ўшанда ишларингизда ҳам барака бўлади», — деди Адиз Бобоев

У шунингдек, туман ҳокимлари ва вилоят ҳокимлиги раҳбарлари дам олиш кунлари ҳеч бир ходимни ишга чақирмаслиги кераклигини алоҳида уқтирди.

Маълумот учун, аввалроқ Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳам ортиқча иш кунлари асабга салбий таъсир қилишини таъкидлаб, ҳар йили таътилга чиқишини айтган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев эса бир неча бор давлат хизматчиларига дам олиш кунларини оила даврасида ўтказиш зарурлигини эслатган. У шунингдек, кераксиз йиғилишлар ва ортиқча ҳисоботларни қисқартириш, иш вақтидан ташқари меҳнатни чеклаш ҳақида топшириқлар берган.