Унинг сўзларига кўра, дастурнинг дастлабки босқичи сифатида Ойга фойдали юклар етказилиб, у ерда база қурилиши режалаштирилган. Кейинчалик 2030-йиллар бошида Марсга йўл олиш кўзда тутилмоқда. «Бу 8 ой давом этадиган миссия бўлади», — деди Даффи.
NASA режасига мувофиқ, 2026 йил баҳорида тўрт нафар астронавт Ой атрофида парвоз қилиб, кейин Ойга қўнади. Улар 8–12 кун давомида унда қолиши кутилмоқда. Бунгача Ойда энг узоқ туриш муддати 3 кун бўлган эди.
Шу билан бирга, америкалик миллиардер Илoн Маск ҳам ўз режаларини эълон қилди. У 2026 йил охирида Starship космик кемаси ёрдамида Optimus номли одамсимон роботни Марсга юборишни кўзламоқда. Маскнинг фикрича, агар ушбу миссия муваффақиятли кечса, 2029 йилга келиб одамларнинг Марсга қўниши мумкин. Аммо у воқеа 2031 йилда рўй бериши эҳтимоли юқори эканини таъкидлади.
Илон Маск «NASAни яна буюк қилиш» ташаббуси доирасида ўзининг дўсти, икки марта космосга чиққан миллиардер Жаред Айзекманни NASA раҳбари лавозимига таклиф қилган. АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам унинг номзодини қўллаб-қувватлаган. Бироқ Маск билан келишмовчиликлар туфайли июн ойида агентликка вақтинчалик раҳбар сифатида Шон Даффи тайинланган.
Аввалроқ NASA ва IBM олимлари ҳамкорлигида яратилган «Surya Heliophysics Foundational Model» сунъий интеллект тизими қуёшда юзага келадиган кучли чақинларни Ерга етиб келишидан икки соат олдин аниқлаш имкони борлиги ҳақида хабар берган эдик.