Марказий Осиёда аҳоли сонининг ўсиши ва инфратузилманинг етарли эмаслиги сабабли табиий газ танқислиги тобора кучаймоқда. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон катта минтақавий газ захираларига эга бўлса-да, уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари ички истеъмолнинг ўсиб бораётган талабини қондира олмаяпти. Марказий Осиёдан Европа ва Осиёга газ асосан Россия назоратидаги қувурлар орқали чиқади. Бу эса минтақа давлатларини Россияга қарам қилади ва уларнинг мустақил таъсир кучини чеклайди.
Минтақада газ масаласи
Special Eurasia нашрига кўра, Марказий Осиёнинг турли республикаларида демографик ўсиш йилига 2 фоиздан юқори бўлиб, минтақанинг умумий аҳолиси 70 миллиондан ошиб кетди. Бу демографик ўсиш туфайли энергияга бўлган талаб ортиб бормоқда ва минтақадаги табиий газ захираларининг 95 фоиздан ортиғига эга бўлган Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон буни энг кўп ҳис қилмоқда. Очиқ маълумотларга кўра, табиий газ захиралари тахминан 3,5 триллион метр кубни ташкил этади. Туркманистон эса тахминан 17 метр куб газ захираларига эга бўлиб, Яқин Шарқ ва Россиядан ташқарида дунёдаги йирик газ захираларига эга мамлакатлардан биридир.
Катта захиралар мавжуд бўлса-да, инфратузилманинг эскирганлиги ҳамда замонавий қазиб олиш ва қувур технологияларига етарли инвестициялар киритилмаганлиги сабабли ишлаб чиқариш ҳажми чекланган. Қозоғистон йилига 59 млрд метр куб, Ўзбекистон ва Туркманистон эса мос равишда тахминан 45 млрд ва 81 млрд метр куб табиий газ қазиб олмоқда.
Ички истеъмол ишлаб чиқаришдан тезроқ ўсаётгани сабабли Ўзбекистон ва Қозоғистон Россиядан газ импорт қилишга мажбур. Бу омил 1990 йилдан бери икки давлатни Россияга қарам қилиб қўймоқда.
Қандай муаммолар бор?
Нефт ва газ экспорти Марказий Осиё давлатлари савдо балансини яхшиласа-да, бу даромадлар иқтисодиётни турли йўналишларда ривожлантириш учун етарлича ишлатилмаяпти.
Хориждан келаётган инвестициялар асосан энергетика ва инфратузилма соҳаларига тўғри келади. Шунга қарамай, минтақа молия бозорлари ҳали ҳам заиф, сиёсий хавфлар катта ва ликвидлик (пул айланиши) етарли эмас.
Газ қувурлари асосан совет даврида қурилган ва улар бугунги эҳтиёжларни тўлиқ қондира олмайди. Аҳоли сонининг ошиши ҳамда экспорт бозорларини кенгайтириш учун қувурлар етарлича ўзаро боғланмаган. Туркманистон эса асосан Россияга борадиган ягона қувурга қаттиқ боғлиқ. Сўнгги йилларда у Хитой ва бошқа минтақалар билан янги лойиҳалар орқали экспортни кенгайтиришга уринди, аммо қувурлар қуввати етарли эмаслиги ва геосиёсий муаммолар бу режаларни секинлаштирди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон Россиянинг «Газпром» ва «Роснефт» компаниялари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. «Газпром» газ танқислигини қоплаш учун импорт қилади ва минтақадаги газ корхоналарида улушга эга бўлиб, ишлаб чиқариш ва экспорт сиёсатига таъсир кўрсатади. Марказий Осиёдан Европа ва Осиёга газ асосан Россия назоратидаги қувурлар орқали чиқади. Бу эса минтақа давлатларини Россияга қарам қилади ва уларнинг мустақил таъсир кучини чеклайди. Туркманистон Эрон орқали денгиз портларига чиқиш каби муқобил йўлларни кўриб чиққан, аммо бу лойиҳалар ҳали тўлиқ амалга ошмаган.
Хитой эса сўнгги йилларда фаолроқ роль ўйнамоқда. У Марказий Осиёдан тўғридан тўғри Хитой бозорига газ олиб келувчи қувурлар, йўллар ва темир йўлларни молиялаштириб, қурмоқда. Охирги ўн йил ичида Хитой инвестициялари кескин ошди. Бу сармоялар газ экспортини осонлаштирди ва минтақани Хитой иқтисодий тизимига яқинлаштирди. Шу билан бирга, Хитойнинг минтақадаги таъсири ҳам кучаймоқда.
Сиёсий таъсир: Россия-Хитой рақобати
Марказий Осиё бой табиий ресурслари, энергия таъминоти ва муҳим географик жойлашуви сабаб йирик давлатлар манфаатлари тўқнашадиган ҳудуд бўлиб қолмоқда. Минтақа ҳукуматлари газни нафақат иқтисодий даромад манбаи, балки дипломатик ва сиёсий таъсир воситаси сифатида ҳам ишлатмоқда. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон газ экспортидан сиёсий таъсирини кучайтириш, иқтисодий ёрдам олиш ва минтақада етакчи бўлиш учун фойдаланмоқда.
Россия эса ҳали ҳам кучли таъсирга эга. Унинг қувурлари, газ таъминоти ва ишлаб чиқариш корхоналари устидан назорати Москвага энергияни босим воситаси сифатида ишлатиш имконини беради. Айниқса, совуқ қиш мавсумида Марказий Осиё давлатларининг Россия газига қарамлиги бу таъсирни янада кучайтиради.
Россия минтақада хавфсизлик борасида ҳам катта роль ўйнайди. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) орқали айрим республикалар Россиянинг хавфсизлик тизимига боғланган. Бу эса энергетика ва хавфсизликдаги қарамликни бирлаштириб, Марказий Осиё давлатлари учун ташқи алоқаларни тўлиқ диверсификация қилишни қийинлаштиради.
Хитой эса «Бир макон, бир йўл» ташаббуси орқали ўз таъсирини кенгайтирмоқда. Унинг инфратузилма лойиҳалари иқтисодий қарамликни кучайтиради ва Пекиннинг минтақадаги ролини янада оширади. Бунга мисол қилиб, Қирғизистонни олиш мумкин — у Хитой қарзларига жуда боғланиб қолиб, суверенитетига путур етказган. Хитойнинг қизиқиши фақат газ ёки нефть билан чекланмайди, балки савдо йўллари, фойдали қазилмалар ва сиёсий иттифоқларни ҳам қамраб олади.
Шунингдек, АҚШ ва Европа Иттифоқи Марказий Осиёда катта рол ўйнамаса-да, муҳим стратегик манфаатларга эга. Уларнинг асосий эътибори бошқарув ислоҳотлари, технологик модернизация ва энергия манбаларини диверсификация қилишга қаратилган. Европа, айниқса, яшил энергия ва рақамлаштириш орқали минтақанинг қазиб олинадиган ёқилғига қарамлигини камайтириш ҳамда Россия таъсирини сусайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ Россия ва Хитойнинг кучли иқтисодий таъсири фонида Европа роли иккинчи даражада қолмоқда.
Эрон эса Марказий Осиё давлатлари учун халқаро денгиз йўлларига чиқиш имконини берувчи муҳим транзит ҳудуди ҳисобланади. Унинг портлари Туркманистон ва бошқа давлатлар учун Россия ва Хитойдан ташқари қўшимча экспорт йўналишларини тақдим этиши мумкин. Шу билан бирга, Эроннинг ўзига хос геосиёсий муаммолари ва халқаро санкциялар ҳамкорлик имкониятларини чеклаб қўймоқда.
Украинадаги можаро Марказий Осиёнинг Россия билан алоқаларини янада мураккаблаштирди. Газ ва энергетика ҳамкорлиги давом этаётган бўлса-да, бу можаро Россиянинг минтақага аввалгидек ёрдам бериш имконияти ва истагини камайтирмоқда. Шу сабабли Марказий Осиё давлатлари Россия, Хитой ва Ғарб билан муносабатларда мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда. Улар мураккаб глобал шароитда иқтисодий ва сиёсий хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишга интилмоқда.
«Бир макон, бир йўл» ташаббуси
Мазкур ташаббус Хитой президенти Си Жинпинг томонидан 2013 йилда илгари сурилган бўлиб, қадимий Ипак йўли ғоясини замонавий шароитда қайта тиклашни мақсад қилади. Лойиҳа дунёнинг Осиё, Европа, Африка ва бошқа ҳудудларини янги савдо ва транспорт йўллари орқали Хитой билан боғлашни кўзда тутади. Бу ташаббус асосан икки йўналишни ўз ичига олади: қуруқликдаги «Ипак йўли иқтисодий белбоғи» ва денгиздаги «XXI аср ипак йўли».
Уларнинг асосий мақсади транспорт ва инфратузилмани ривожлантириш, янги темирйўллар, автомобил йўллари, портлар, қувурлар ва телекоммуникация тармоқларини қуриш, шунингдек, энергия ресурслари оқимини хавфсиз ва барқарор йўналишларда таъминлашдан иборат.
Бугунги кунда 150 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилот бу ташаббус доирасида Хитой билан ҳамкорлик қилмоқда ва умумий инвестициялар триллионлаб долларларга баҳоланмоқда.
Марказий Осиё минтақаси ушбу лойиҳада алоҳида ўрин тутади, чунки у Хитойни Европа ва Яқин Шарқ билан боғловчи геостратегик марказда жойлашган. Шу сабабли, минтақада темирйўл ва автомобиль йўллари, энергетика ва транспорт инфратузилмалари бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Умуман олганда, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси Хитойнинг глобал иқтисодий ва сиёсий таъсирини кучайтириш, савдо йўлларини кенгайтириш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий интеграцияни ривожлантиришга қаратилган йирик геосиёсий лойиҳа ҳисобланади.
Меҳриноз Фармонова тайёрлади.