Олий суд раисининг биринчи ўринбосари ишдан олинди

23:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тасдиқланмаган маълумотга кўра, унинг ишдан олиниши Бухоро судларидаги айрим ноқонуний ишларга боғлиқ бўлиши мумкин.

Oliy sud

Ўзбекистон Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икром Муслимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Vaqt.uz манбаси хабар бермоқда.

Манбага кўра, унинг ишдан олиниши Бухоро судларидаги айрим ноқонуний ишларга боғлиқ бўлиши мумкин.

«Олий суд раисига янги ўринбосар масаласи эртага Сенатда ҳал бўлади. Айтишларича, Наманган вилоят суди раиси Алишер Усмонов ушбу лавозимни эгаллаши кутилмоқда», — деди суҳбатдош.

Июл ойида ижтимоий тармоқларда Икром Муслимов инсултга учрагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ, Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов бу ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Маълумот учун, Икром Муслимов 1972 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий. Мутахассислиги – ҳуқуқшунос. 1996 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида адлия ва суд идораларида турли лавозимларда ишлаган. 1998-2001 йилларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани судяси, 2001-2005 йилларда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судьяси, 2005-2013 йилларда Олий суд судяси, 2013-2018 йилларда жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди раиси бўлиб ишлаган. 2018-2019 йилларда Олий суд судяси, 2019 йил 12 октябрдан ҳозирга қадар Олий суд раиси ўринбосари – Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида фаолият юритган.