Тошкент вақти билан соат 19:17 ҳолатига кўра, кумуш нархи троя унцияси учун 42,01 долларга етиб, 1,19 фоиз ўсган. 19:32 га келиб қимматбаҳо металл ўсишини тезлаштириб, бир унция учун 42,115 долларга (+1,31%) кўтарилган.
Шу билан бир вақтда, 2025 йил декабр ойида етказиб бериладиган олтин фючерслари ҳам 0,85 фоизга қимматлашиб, бир троя унцияси учун 3 627,1 долларни ташкил этган.
3 сентябр куни олтин нархи рекордларни янгилади. Бозордаги давом этаётган ноаниқлик ва инвесторларнинг АҚШ Федерал захира тизими сентябр ойида фоиз ставкаларини пасайтиришига бўлган ишончи ортиб бораётганлиги сабабли хавфсиз актив ҳисобланган олтинга талаб ошмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Кеча Тошкент вақти билан соат 14:14 ҳолатига кўра, олтиннинг спот нархи 0,18 фоизга кўтарилиб, бир троя унцияси учун 3.539,46 долларни ташкил этган ва сессия давомида тарихий юқори кўрсаткич — 3.546,99 долларга етган.
Бозордаги ноаниқликларга АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг федерал апелляция суди ноқонуний деб топган божлар масаласини тезроқ кўриб чиқишни сўраб Олий судга мурожаат қилиш нияти ҳақидаги хабари қўшилди.