Ўзбекистон чегарачилари нима учун икки қирғизистонликни отиб ўлдиргани айтилди

22:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Қирғизистон фуқароларига ўқ узган чегарачиларнинг ҳаракатлари асосли деб топилди.

Kyg

15 август куни Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасида икки нафар Қирғизистон фуқароларига ўқ узган чегарачиларнинг ҳаракатлари асосли деб топилди. Бу ҳақда ДХХ Чегара қўшинлари хабар берди.

Жорий йилнинг 15 август куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Угам-Чотқол қўриқхонаси яқинидаги чегара минтақасида 2 нафар номаълум шахсларнинг ҳаракатланаётгани кузатилган.

Қайд этилишича, чегарани кесиб ўтаётган қирғизистонликларга чегара наряди, ўз ваколати доирасида тўхташни буюрган, лекин тартиббузарлар қочишга уринган.

«Шу боис, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ, уларни тўхтатиш учун осмонга қарата бир неча бор огоҳлантирувчи ўқ узилган. Аммо, номаълум шахслар чегара нарядининг қонуний талабларига бўйсунмай, Давлат чегараси томон ҳаракатни давом эттиришган. Шундан кейин, сўнгги чора сифатида уларга нисбатан қурол қўлланилган», — дейилади хабарда.

Оқибатда, улар яраланиб, ҳарбий хизматчилар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай, воқеа жойида вафот этган. Ҳодиса жойи кўздан кечирилганида, 1 дона чодир, 3 та от, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда яширинишга улгурган учинчи шахснинг излари ҳам топилган.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Қирғизистон ва Қозоғистон чегара идоралари хабардор қилинган. 31 август куни вафот этганлар Қирғизистон фуқаролари экани аниқланиб, уларнинг жасади қариндошларига топширилган.

«Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара идоралари раҳбарларининг ўзаро келишувига асосан, 2-3 сентябрь кунлари ҳодиса жойи ҳамкорликда кўздан кечирилди. Ўрганишлар натижасида чегара нарядининг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон қонунчилигига асосан амалга оширилгани, юқорида кўрсатилган Қирғизистон фуқаролари томонидан Давлат чегараси бузилгани, шунингдек, учинчи шахснинг Қирғизистон томонга қайтиб, яширинишга улгургани комиссия томонидан ўз тасдиғини топган. Унинг шахсини аниқлаш ва тегишли чора кўриш юзасидан келишувга эришилди», — дейилади хабарда.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, ҳар икки томон чегараолди ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда мураккаб тоғли худудларни қўриқлашда ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.