Bloomberg манбасига кўра, Россия президенти Владимир Путин музокараларни чўзган ҳолда Украинада янги фронт ҳужумига тайёргарлик кўрмоқда. Европа давлатлари ва Киев манбалари эҳтимолий ҳужум Покровск йўналишида бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Германия ва Франция расмийлари ўтган ҳафта Россия қўшинларининг Покровск атрофида жамланишини муҳокама қилган. Украина президенти Володимир Зеленский эса жума куни Покровск томонга 100 минг рус аскари йўлланганини маълум қилди.
Покровск — Донецк областидаги стратегик йўл тугини бўлиб, Украина армиясининг таъминоти шу манзил орқали амалга оширилади. Шаҳар қуласа, Словянск ва Краматорскка йўл очилиши мумкин. Россия армияси бир йилдирки, Покровскни эгаллай олмаётганди, бу йил эса уни ишғол қилишга урина бошлаган.
Август ойи ўртасида Россия қўшинлари Покровск шимолида Украина мудофаа чизиғини бузиб, Добропилля яқинида 10 км илгарилади. Аммо Украина армияси бу ҳужумни қайта тўхтатди. Май—август ойларида Россия Украинанинг атиги 0,3 фоиз ҳудудни — 2033 км² ерни эгаллай олган.
Ғарб етакчилари Россия урушни яқин орада тўхтатмайди, деган фикрда. Германия канцлери Фридрих Мерц Украина армиясини қўллаб-қувватлашни «энг муҳим хавфсизлик кафолати» деб атади. ЕИ раҳбари Урсула фон дер Ляйен эса: «Украина — душман ютиб юборолмайдиган темир тошбақа бўлиши керак», деди.
Айни дамда Украина армияси учун қурол-яроғ харидларига Европа томонидан маблағ ажратилаяпти. Зеленский ҳар ойда 1 млрд долларлик америкалик қуроллар олинишига умид қилмоқда. АҚШ ўтган ҳафта 825 млн долларлик ва 450 км масофага етадиган 3350 та ракета сотувини маъқуллади.
Шунингдек, Украинада 3000 км масофага учувчи «Фламинго» қанотли ракета ва сунъий интеллект асосида дронлар ҳужуми уюштириш технологиялари ҳам ишлаб чиқилмоқда.