Путиннинг матбуот анжумани: Зеленский билан учрашув, «Сибир қудрати-2» фойдаси ва Трамп ҳазили

08:20 | 12 дақиқада ўқилади.

Россия президенти Владимир Путин Хитойга қилган ташрифи якунлари бўйича Пекинда ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

Putin pekin

Россия давлат раҳбари Украина президенти Володимир Зеленский билан Москвада учрашишга тайёр эканини билдирди, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан суҳбати ҳақида сўзлаб берди ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг ҳазил ҳиссига баҳо берди. Россия президентининг энг муҳим баёнотларини келтирамиз.

 

Украинадаги можаро ва Зеленский билан учрашув ҳамда унинг легитимлиги ҳақида

Путин Зеленский билан учрашувни ҳеч қачон истисно қилмаган, аммо бундай учрашувдан маъни борми-йўқми, бунга шубҳа билан қарайди.

Трамп Путиндан Зеленский билан учрашишни сўраган. Путин эса Трампга учрашувга тайёр эканини айтган.

Агар Зеленский учрашувга тайёр бўлса, у Москвага келсин, деди Путин.

Зеленскийнинг ваколатлари тугаган, у билан учрашиш — бу бекорга қадам ташлашдир.

Путин Украина президентини «амалдаги маъмурият раҳбари» деб атади.

«Украина конституциясида Зеленскийнинг ваколатларини узайтириш тартиби кўрсатилмаган. Унда фақат ҳарбий ҳолат пайтида сайловлар ўтказилмаслиги белгилаб қўйилган, бироқ бу президент ваколатлари автоматик равишда узайтирилади, дегани эмас.

Конституцияга мувофиқ, Зеленскийнинг ваколатлари Олий Рада спикерига ўтиши керак.

Украинада Конституциявий суд раҳбарининг ҳам ваколати тугаган», деди Путин.

 

Хавфсизлик кафолатлари ҳақида

Украина ўз хавфсизлигини таъминлаш тизимини мустақил равишда танлаш ҳуқуқига эга.

Украина хавфсизлиги Россия хавфсизлиги ҳисобидан таъминланмаслиги керак.

Россия Украина НАТОга аъзо бўлишига доимо қарши бўлган, аммо унинг Европа Иттифоқига қўшилишига қарши эмаслигини билдирган.

Россия ҳеч қачон хавфсизлик кафолатлари доирасида Украина билан ҳудуд алмашиш масаласини кўтармаган ва муҳокама қилмаган.

Украина раҳбарияти ҳудудий масалани ҳал қилиш учун референдум ўтказиши керак.

 

Россиянинг Украинадаги мақсадлари ҳақида

Россия ҳудудлар учун эмас, балки одамларнинг ўз она тилида сўзлаши, ўз маданияти ва анъаналари доирасида яшаш ҳуқуқи учун курашмоқда.

Ўз ҳудудларини Россияга қўшилишга қаратилган референдумда қўллаб-қувватлаган одамлар фикрига ҳурмат билан қараш лозим, мана шу — демократия.

 

Ғарб ва Украинанинг айбдорлиги ҳақида

Украинадаги фожиа учун айб Ғарб зиммасида, у Россиянинг хавфсизлик соҳасидаги манфаатларини бутунлай инкор қилди.

Россия томонидан Украина масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича барча уринишлар чиппакка чиқди.

Москва 2022 йилнинг ўзида Киевга — Украина жануби-шарқидаги аҳоли танловига ҳурмат билан ёндашиш, у ердан қўшинларни олиб чиқиш ва можарони тугатиш таклифини берган.

Россия Киев атрофидан ўз қўшинларини олганидан сўнг, вазият ўзгарган ва россиялик музокарачиларга «деярли сўзма-сўз шундай дейилган: «энди биз ёки сиз бизнинг бошимизни чопгунча ёки биз сизникини чопгунча жанг қиламиз».

Украинадаги воқеалар — бу Ғарб томонидан иқтисодий муаммоларни ҳал этиш учун фақатгина баҳона.

Ғарбда «ақллироқ одамлар» бор — улар Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилишни истамайди, чунки бу дунё иқтисодиётига улкан зарар етказиши мумкин.

 

Фронтдаги вазият ҳақида

Россия армияси деярли барча йўналишларда муваффақиятли ҳужум қилмоқда, лекин хотиржамликка берилмаслик лозим.

Махсус ҳарбий операция қатнашчилари Россия ўз мақсадларига эришишини истайди.

Украина қуролли кучлари кенг кўламли ҳужум операцияларини олиб бориш имконига эга эмас, улар фақат мавжуд позицияларни ушлаб турибди.

Украина армиясининг жангга лаёқатли бўлинмалари 47–48 фоиздан ортиқ тўлдирилмаган, бу кўрсаткич критик даражада.

 

Музокаралар жараёни ҳақида

Путин музокаралар гуруҳи раҳбари сифатида Мединскийнинг ишларидан қониқишини айтди.

Россиялик музокарачилар ўта сабрли ва профессионал ёндашув намойиш этишган.

Россия музокаралар гуруҳи даражасини юқори сиёсий босқичга олиб чиқишга тайёр.

 

Можарони якунлаш истиқболлари ҳақида

Агар соғлом фикр устувор бўлса, можарони якунлаш бўйича мақбул вариантни келишиб олиш мумкин.

Масаланинг ҳал этилиши нуқтайи назаридан «туннел охирида муайян ёруғлик» кўриниб турибди.

Ҳарбий ҳаракатлар — мураккаб ва шафқатсиз жараён, улар бўйича башорат қилиш мумкин эмас.

Агар Украина масаласи тинч йўл билан ҳал қилинмаса, уни ҳарбий йўл билан ҳал этишга тўғри келади.

 

«Сибир қудрати-2» лойиҳаси ҳақида

Дунёда энергия ресурсларига бўлган талаб ортиб бормоқда, жумладан, Хитой ва Осиё-Тинч Океани минтақасидаги бошқа давлатларда ҳам.

Россия «хитойлик дўстлар» учун рақобатбардош устунликлар яратиш ниятида, бироқ Пекин газни вазмин бозор нархларида олади.

«Сибир қудрати-2» лойиҳаси бўйича келишувлар ўзаро манфаатли ҳисобланади, бироқ бу ерда ҳеч қандай хайр-эҳсон йўқ.

Ушбу газ қувури орқали Хитойга етказиб берилиш ҳажми 100 млрд кубометргача етиши мумкин.

 

Трамп, унинг Москвага эҳтимолий ташрифи ва Аляскадаги музокаралар ҳақида

Путиннинг сўзларига кўра, у Трамп билан яхши муносабатлар ўрнатган.

АҚШ президентининг Москвага ташрифи бўйича ҳозирча ҳеч қандай тайёргарлик йўқ, муддатлар ҳам аниқ эмас, бироқ Россия томонидан таклиф «ҳали ҳам стол устида турибди».

Путин Жо Байденнинг «Россия, Хитой ва КХДР АҚШга қарши сўзлашиб олган», деган гапига жавобан Трамп «ҳазилдан холи эмас», деб изоҳ берди.

ШҲТ саммитида Америка ҳукуматининг амалдаги маъмуриятига нисбатан салбий фикр билдирилмади.

Анкорижга ташриф вақтида Путин Трампнинг лимузинида сўзма-сўз «чала инглизча»да бир неча жумла алмашганини айтиб ўтди.

 

Кўп қутбли дунё ҳақида

Кўп қутбли дунёнинг шакллари аниқ кўрина бошлади, бу дунёда ҳеч қандай гегемонлар йўқ.

Халқаро муносабатларда иштирок этувчи барча давлатлар тенг ҳуқуққа эга бўлиши ва бир хил мақомда бўлиши лозим.

Бир қутбли дунё ноҳақ ҳисобланади ва у йўқ бўлиши керак.

Россия, Хитой ва Ҳиндистон таҳдидлар олдида заифлик кўрсатмаслиги лозим.

 

Жаҳон иқтисодиёти ҳақида

Жаҳон иқтисодиёти ривожланмоқда, айниқса Осиё-Тинч Океан минтақасида.

Евроиттифоқ мамлакатлари етакчи иқтисодиётида рецессия кузатилмоқда.

 

Озарбойжон ҳақида

Москва ва Боку муносабатларида муаммолар мавжуд, бироқ ўзаро манфаат ривож учун катта имконият яратади.

Путин Хитойда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан кўриб, икки-уч гап алмашган.

 

Узоқ умр кўриш ҳақида

Замонавий тиббиёт инсониятга узоқ ва фаол ҳаёт кечиришга умид бағишламоқда.

Инсон умрининг давомийлиги ошиб боради.

 

ОАВда Путин ҳақидаги баёнотлар бўйича

ГФР канцлери Мерц Путинни «ҳарбий жиноятчи» деб атаган баёноти — Ғарбнинг Украинадаги фожиадан ўзини олиб қочиш учун муваффақиятсиз уринишидир.

 

«Кремл сеҳргари» филми ҳақида

Путин фильм ҳақида илк марта эшитганини таъкидлади. Унда Путин ролини Жуд Лоу ижро этган.