Қозоғистон ТИВ раҳбари Нуртлеу қўлга олингани ҳақидаги хабар расман рад этилди

16:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон расмийлари ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ва тадбиркор Гаджи Гаджиев қўлга олингани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Nurtleu hibs

Қозоғистонда ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу қўлга олингани ҳақидаги хабарлар расман рад этилди. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Марказий коммуникациялар хизмати қошидаги Дезинформацияга қарши кураш маркази баёнот берди.

Марказ маълумотига кўра, Гулнар Бажкеновага қарашли Orda ва Bazhkenova vs. лойиҳаларида тарқатилган маълумотлар асоссиз бўлиб, ҳеч қандай қўлга олиш содир бўлмаган. «Бу каби ёлғон маълумотлар жамият ишончини сўндиради ва воқеаларга нотўғри баҳо шакллантиради», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, Қозоғистон маданият ва ахборот вазири Аида Балаева ҳам Facebook орқали чиқиш қилиб, ушбу хабарни асоссиз деб атади. У журналистларни масъулиятлиликка чақирди ва ёлғон маълумот учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини эслатди.

Аввалроқ Orda.kz нашри томонидан Нуртлеу билан бир қаторда тадбиркор Гаджи Гаджиев қўлга олингани ҳақида ҳам ахборот тарқатилган эди. Бу хабар ҳам расмий равишда инкор этилди. Ваколатли идоралар ёлғон маълумот тарқатганларга нисбатан судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда.

Маълумот учун, Дезинформацияга қарши кураш маркази 2025 йил 1 августдан иш бошлаган бўлиб, аҳолини холис ва аниқ маълумот билан таъминлашни асосий вазифа сифатида белгилаган.