АҚШ Хитой ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани ҳамда уларнинг Шимолий Корея билан «Америкага қарши фитна уюштирмоқда» деган баёнотлар ортидан кенг кўламли ҳарбий модернизацияни бошламоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Fox News эфирида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп Пентагонга «америка армиясини қайта тиклаш» ва Хитой ҳамда Россияга қарши тийиб турувчи стратегик устунликни қайта таъминлаш бўйича топшириқ берган. «Биз уруш излаётганимиз йўқ, аммо урушнинг олдини олиш учун етарлича қудратга эга бўлишимиз шарт», — деди Ҳегсет.
Вазир Пекиндаги ҳарбий парадни ҳам тилга олди. Унга кўра, Япония устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган парад ва унда намоён этилган замонавий қурол-аслаҳалар АҚШнинг аввалги маъмурияти томонидан йўл қўйилган хатолар натижасидир. Айни хатолар Москва ва Пекинга ўз позицияларини мустаҳкамлаш имконини берди, дея таъкидлади Пентагон раҳбари.
Ҳегсетнинг сўзларига кўра, модернизация бутун ҳарбий инфратузилмани қамраб олади — космос, авиация, денгиз флоти, сувости кучлари ва узоқ масофали зарба бериш воситалари. У шунингдек, АҚШ қўлида шундай имкониятлар борлигини таъкидладики, уларни Хитой ҳеч қачон такрорлай олмайди.
Масалан, тактик миқёсдаги «Темир қопқон» (Iron Dome) ракетага қарши мудофаа тизими ана шундай технологиялардан бири сифатида тилга олинди. Ғарб таҳлилчилари эса ШҲТ саммити доирасидаги учрашувларни таҳлил қилар экан, Хитой янги геосиёсий қудрат марказини шакллантиришга интилмоқда, деган хулосага келишган. Бу эса АҚШни ўз ҳарбий стратегиясини тубдан қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда.