Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тадбиркор Усмонжон Абдусаматовнинг «рухсатномаларни расмийлаштиришда ҳар бир уйга $200 минггача қўшимча харажат кетади» мазмунидаги баёнотига изоҳ берди. 29 август куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотдан сўнг вазирлик жараёнлар рақамлаштирилгани, коррупция хавфлари минималлаштирилгани ва ортиқча маблағ талаб қилиш амалда истисно этилишини таъкидлади.
Маълум қилинишича, қурилишга оид барча давлат хизматлари ва тўловлар фақат электрон форматда амалга оширилади. Аризалар my.gov.uz портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади, барча босқичларда ариза берувчи билан давлат хизматчиси ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотга йўл қўйилмайди.
Вазирликка кўра, бюрократик тўсиқлар қисқартирилган, инсон омиллари камайтирилган ва «Shaffof Qurilish» миллий ахборот тизими орқали рухсат олишдан тортиб, объектни фойдаланишга қабул қилишгача бўлган жараёнлар тўлиқ мониторинг қилинади. Жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги ВМҚ-200 қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентлар асосида тартибга солинади.
Шу билан бирга, Президентнинг 2023 йил 26 июлдаги ҳамда ҳукуматнинг 2024 йил 25 мартдаги қарорларига мувофиқ, Тошкент шаҳрида қурилиш ҳажмининг ҳар бир метр куби учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим жорий этилган. Бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар, якка тартибдаги турар жойлар, нодавлат боғча ва мактаблар бундан мустасно. Тушумлар тўлиқ шаҳарни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
Вазирлик қурилишда коррупцион ҳолатларга дуч келган тадбиркорлар ва фуқароларни комплаенс бўлимлари, ишонч телефонлари ва Telegram боти орқали мурожаат қилишга чақирди.
Аввалроқ қурилиш соҳасидаги норасмий ишчилар, солиқ ва кадастр тизимидаги коррупцион ҳолатлар ҳамда иқтисодчилар муносабати ҳақида маълумот берган эдик.