Самарқандда Регистон майдони олдидаги ерости ўтиш йўли қайта очилиши мумкин

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Асосий сабаб сифатида пиёдалар оқимининг ортиши, ўқувчилар хавфсизлиги ва сайёҳлар ҳаракатини енгиллаштириш кўрсатилди.

Registan

Самарқандда тарихий Регистон майдони атрофида пиёдалар ҳаракатини тартибга солиш мақсадида ерости ўтиш йўлини қайта очиш таклифи илгари сурилди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев пиёдалар оқими кўпайганини таъкидлаб, бу йўналишда хавфсизлик чораларини кучайтириш зарурлигини билдирган.

Ҳокимлик маълумотига кўра, аввал 18 йил олдин ёпилган ерости йўли қайта очилиши режалаштирилмоқда. Бу, асосан, мактаб ўқувчилари ва сайёҳлар ҳаракатини енгиллаштириш билан изоҳланмоқда. Айниқса, «Регистон» ва «Кулоллар» маҳаллаларида истиқомат қилувчи ўқувчилар кўпинча кўчанинг қарама-қарши томонидаги мактабга қатнаши қийинчилик туғдирмоқда.

Адиз Бобоев қурилиш ишлари вақтида хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишни, ер қазиш жараёнлари ҳайдовчиларга халал бермаслиги учун уларни тунги соатларда олиб бориш зарурлигини қайд этди. Ҳокимликнинг таъкидлашича, қурилиш ишлари қисқа муддатда якунланиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, Регистон майдони олдидаги ҳозирги светофорли ерусти ўтиш жойини ҳам ерости йўли билан алмаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бироқ бу лойиҳа ҳали расман тасдиқланмаган ва республика даражасида маъқулланиши талаб этилади. Шу боис, унинг амалга ошиши ҳозирча ноаниқ.

Ҳокимлик хабарида қайд этилишича, пиёдаларга қулайлик яратиш мақсадида Сиёб бозори яқинидаги Рудакий ва Шоҳи-Зинда кўчалари кесишмасида янги светофорли ўтиш жойи ташкил этилади. Шунингдек, йўл ёқасида автобус бекатлари барпо этилиб, таксиларнинг йўл қатнов қисмида тўпланишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адиз Бобоевнинг туман раҳбарларига дам олиш кунлари ишламаслик ва ходимларни ишга чақирмаслигини қатъий тайинлагани ҳақида хабар берган эдик.