Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Қонун аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда давлат ижтимоий суғуртаси тизими, суғурта ходисаси, суғурталанувчи ва суғурталовчи томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, маблағлар манбалари, суғурта бадали ставкалари ва молиявий кафолатлар белгиланган. Шунингдек, тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиблари ҳам баён этилган.
Бироқ муҳокама чоғида сенаторлар қонуннинг бир нечта жиҳатларига танқидий ёндошди. Жумладан, ҳужжатда ваколатли органнинг вазифалари очиқ ёритилмагани қайд этилди. Шунингдек, унда 10 тадан ортиқ ҳавола нормалари мавжуд бўлиб, бу амалда қонуннинг тўғридан тўғри ишлашини чеклаб қўяди.
Бундан ташқари, янги қонун қабул қилинса, амалдаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қандай ўзгартишлар киритилиши масаласи қамраб олинмагани танқид қилинди. Сенаторлар бу каби камчиликлар бартараф этилиши лозимлигини таъкидлаб, ўз таклифларини билдирди.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан рад этилди.