Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Пискент полигонида текширув амалиёти 2 сентябрдан тўхтатилишини маълум қилган эди.
Унда амалиёт расмий дистрибюторлик ва сервис марказлари сони кескин ошганлиги ҳамда истеъмолчиларнинг расмий дистрибюторлар билан ишлаш амалиёти яратилгани сабабли бекор қилингани айтилганди. Бироқ агентлик автосиновлар бекор бўлиши ҳақида ҳеч қандай расмий меъёрий ҳужжат эълон қилмагaни ҳақида ёзгандик.
4 сентябр куни «Автодекларант» Телеграм каналидa Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев имзолаган ҳужжат эълон қилинди. Унга кўра, Жаҳон савдо ташкилоти бўйича идоралараро комиссиянинг 2 сентябр куниги йиғилиш баёни билан текширув амалиёти бекор қилингани маълум бўлди.
Қайд қилинишиcча, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб Пискент автополигонида регламентда белгиланган 2 та мажбурий кўрсаткич бўйича синовларни амалга ошириш амалиёти орқали расмий сотувлар сони бўйича кескин ўзгариш бўлмаган.
Ҳужжатда шу йилнинг биринчи ярим йиллигида жисмоний шахслар томонидан олиб кирилган автомобиллар сони ўтган йилга нисбатан 2 минг 693 тага ошгани ҳақида ёзилган. Бироқ импорт статистикаси бошқача «гапиряпти». Божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2024-йилда автомобиллар импорти 1,9 млрд доллардан 1,3 млрд долларгача қисқарган. 2025-йилнинг биринчи чораги якунига кўра эса автомобиль импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 карра камайган.
Нималар тасдиқланди?
Протоколга кўра, шахсий эҳтиёж учун импорт қилинадиган бир дона автотранспорт воситасини «электромагнит мослашувчанлик» ва «ҳайдовчи ҳамда йўловчи хонасидаги ҳавога ажратилган захарли моддалар» кўрсаткичлари бўйича синовларни ўтказиш талаби бекор қилинди.
Шунингдек, юридик шахсларга муомалага чиқариш учун транспорт воситасининг турини маъқуллаш ҳужжатининг амал қилиш муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди.
Қандай таклифлар берилди?
Ҳужжатда Рақобат қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, расмий ва норасмий дилерлар ўртасида автотранспорт воситаларининг нархларидаги тафовутларни таҳлилдан ўтказиш, мақбуллаштириш ва тартибга солиш бўйича таклиф киритилган.
Troll.uz канали асосчиси, блогер Умид Ғофуров «қандай қилиб тартиб солинишини билмадим-у, лекин нархлар тушмаслиги аниқ» деб муносабат билдирган.
Бундан ташқари, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги мувофиқликни баҳолаш марказларини ташкил этишга хусусий секторни кенг жалб этиш ва аккредитация тизимини такомиллаштириш юзасидан Президент Администрациясига таклифлар киритган.
«Протоколдаги бир топшириқ ҳали янги ва янги тажрибалар бўлиши мумкинлигига хавотирли ишоралар беради. Сюрпризлар олдинда», — дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Шунингдек, агентликка хориждан олиб келинаётган автотранспорт воситалари сифати назоратини кучайтириш, истеъмолчиларнинг мурожаатларига жавоб бериш вазифаси юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги импорт қилинган автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш тартибини ўзгартирганди. Унга кўра, хориждан олиб кириладиган транспорт воситалари божхона ҳудудида эмас, балки Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги автомобил полигонида синовдан ўтказилиши белгиланганди.
Тартиб расмий дистрибютор бўлмаган жисмоний шахслар ва хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган автомобилларга нисбатан татбиқ этилган. Бу эса полигон йўлида автомобилларнинг узун навбатига сабаб бўлган эди. Автомобил эгалари жараён узоқ давом этгани учун машиналарда тунаб қолишга ҳам мажбур бўлишган.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.