1996 ва 1997 йилларда туғилган икки йигит 31 август куни Чимкентдан Туркистон тоғларига йўлга чиққан, аммо қайтмаган. 1 сентябр куни Туркистон вилояти ФВВга қариндошлари томонидан улар билан боғлана олишмаганлиги ҳақида хабар беришган. Шундан сўнг, «Сайрам-Угам» миллий боғида 31 август куни йўқолган икки сайёҳни қидириш учун бир неча кунлик кенг кўламли операция ўтказилган. Бу ҳақда BAQ.KZ нашри хабар берди.
Қидирув ишлари 2200 метр баландликда, Қасқару қишлоғидан тахминан саккиз километр узоқда олиб борилди. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, қутқарувчилар йўқолганлардан бири билан овозли алоқа ўрнатишган. Унинг сўзларига кўра, йўлдоши — 1996 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси — жарликка қулаган ва ҳалок бўлган.
Мавжуд шароит сабаб вертолёт фойдаланиб бўлмаган. Шунинг учун Қозоғистон альпинизм федерациясидан беш нафар мутахассис жалб қилинди. Улар қутқарувчилар билан биргаликда тирик қолган сайёҳга етиб боришди ва марҳум жасадини топишди.
Жабрланувчи тоғдан отда туширилди, марҳум танаси эса қўлда олиб чиқилиб полицияга топширилди. Қутқарув ишларига 18 киши, 5 та техника, полиция, ўрмон хўжалиги ходимлари ҳамда ФВВ дрон ва авиацияси жалб этилгани маълум қилинди.
Масъул идоралар маълумотига кўра, бу каби ҳодисалар қийин релеф ва хавфли шароитлар туфайли йўловчилардан ортиқча эҳтиёткорлик ва тайёргарликни талаб этади.