Украина армияси дунёда биринчи бўлиб сунъий интеллект ёрдамида бошқариладиган дронлар «гала»ларини жангларда самарали қўлламоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, украиналиклар бир неча ўнлаб ёки юзлаб дронларни бир вақтда бошқариб, Россиянинг ҳарбий объектларига ҳужум қилмоқда. Бу усул рақиб ҳимоясини чалғитиш ва вайрон қилиш имконини беради. Мутахассислар буни дронлар урушида янги давр бошлангани сифатида баҳоламоқда.
Украиналик юқори мартабали офицер ва дастурий таъминот ишлаб чиқувчи компания вакиллари айтишича, бу технология 2023 йилдан бери жанг майдонларида амалда синовдан ўтмоқда. Бу эса Украинага ҳарбий дрон технологиялари бўйича етакчиликни таъминлаб бермоқда.
Таъкидланишича, галалашиб учувчи дронлар сунъий интеллект ёрдамида бир-бири билан маълумот алмашади, жойлашув ва ҳаракатни реал вақтда мувофиқлаштиради. Бундай тизим нафақат объектларга, балки бутун шаҳарларга оммавий ҳужум қилиш имконини беради. Айни пайтда дунёдаги бир қатор армиялар ва технологик компаниялар ҳам бундай дастурлар устида иш олиб бормоқда.