Энергетика вазирлиги маълум қилишича, Фарғона водийси истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлайдиган Оҳангарон–Пунғон магистрал газ қувурининг тоғли ҳудуддан ўтувчи қисмида қарийб 22 километрлик қўшимча қувур қурилиши якунига етказилди.
Мазкур қувурнинг ишга туширилиши водийдаги аҳоли ва ишлаб чиқариш объектларининг табиий газ таъминоти барқарорлигини оширишга қаратилган. Шу билан бирга, янги қувурни мавжуд тармоққа улаш бўйича монтаж ишларини бажариш зарурати туғилди.
Шу муносабат билан 2025 йил 5 сентябр куни соат 12:00 дан бошлаб 36 соат давомида Оҳангарон–Пунғон қувури орқали газ узатиш вақтинча тўхтатилади.
Маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ҳамда йирик истеъмолчиларнинг газ таъминоти чекланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, бензин ёқилғисининг сотувга чиқариш ҳажми оширилиши кўзда тутилган.
Энергетика вазирлиги келиб чиқиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраб, қурилиш-монтаж ишлари давомида аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлаш учун зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.