Хитой жаҳонга қанақа сигнал берди? — ШҲТ саммити ва Пекиндаги ҳарбий параднинг геосиёсий рамзлари

09:00 | 13 дақиқада ўқилади.

Чоршанба куни Пекинда Хитой тарихидаги энг йирик ҳарбий парад бўлиб ўтди. ХХР раиси Си Жинпинг нафақат мамлакатининг ҳарбий қудратини намойиш этди, балки ўзининг эҳтимолий иттифоқчиларини ҳам кўз-кўз қилди.

Beijibg parade 01

Улар билан бирга «глобал Жануб» деб аталувчи мамлакатлардан яна йигирмадан зиёд юқори мартабали шахслар ҳам иштирок этди. Таҳлилчилар бу ҳолатда жуда кўп геосиёсий сигналларни кўрмоқда — биринчи навбатда Ғарбга, шунингдек Доналд Трампнинг қатор қарорларидан сўнг мушкул аҳволда қолган қолган дунёга ҳам.

 

Сиёсий саҳна

BBC мухбири Лора Бикернинг ёзишича, мазкур ҳарбий параднинг энг эсда қоларли кадрларидан бири ҳатто биринчи тўп овози янграмасидан олдиноқ тасвирга туширилган.

«Раис Си Жинпинг Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни узоқ қучоқлаб қўл бериб қарши олгани, кейин эса Россия президенти Владимир Путин билан кўришиб, учовлари бирга парад томошасига йўл олгани — бу мутлақо сиёсий театр эди», — деб таъкидлайди у.

Бу уч раҳбар омма олдида илк бор биргаликда кўриниш берди ва бунинг учун улар жуда муносиб вақтни танлашган.

Beijibg parade 02

Доналд Трампнинг эътиборини биринчи навбатда Хитой қуролларининг ҳайратомуз намойиши эмас, айнан шу учрашув тортди. АҚШ президенти бу уч раҳбарнинг бирор яширин режа тузаётганидан дарҳол гумон қилгани эҳтимол.

Лора Бикернинг ёзишича, ҳарбий параднинг кўлами ва унга таклиф этилган меҳмонлар таркиби Хитойнинг қайси йўналишда ҳаракатланаётганини яққол намоён қилди. Си Жинпинг ўзини жаҳон етакчиси сифатида намойиш этмоқда — унинг ёнида халқаро жамоатчилик томонидан санкциялар остига тушган давлат раҳбарлари турибди. Унинг тиз чўкиб турган армияси эса — Ғарбга рақобат қилиш учун қурилаётган ҳарбий куч.

New York Times нашрининг таъкидлашича, меҳмонлар рўйхати Пекин билан Ғарб ўртасидаги тафовут қанчалик чуқурлашганини кўрсатиб берди. Бу, айниқса, Хитойнинг Россияни Украинага қарши урушда қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ. Парадда етакчи Ғарб демократик мамлакатларининг юқори мартабали вакиллари, жумладан АҚШ мутасаддилари йўқ эди. Аммо Жанубий-Шарқий ва Марказий Осиё давлатларининг кўплаб раҳбарлари иштирок этди, бу эса Хитойнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда эришган ютуқларидан далолат беради, деб ёзади нашр.

Брукингс институтидаги Жон Торнтон номидаги Хитой маркази директори Райан Ҳассга кўра, парадда бошқа раҳбарларнинг иштирок этиши — Си Жинпинг ўз мақсадларига эришишдаги илдамлашувни англатади.

 

Бўшлиқни тўлдириш

BBC’нинг дипломатик мухбири Жеймс Лэндейл эслатишича, ХХР раиси Си Жинпинг анча вақтдан бери ўзини тарқаб бораётган глобал тизимларнинг ўрнини эгаллайдиган янги жаҳон тартибининг марказига қўйишга интилмоқда. Янада муҳимроғи — АҚШ халқаро меъёрлар ва институтлардан воз кечгач, Хитой юзага келган бўшлиқни қандай тезликда тўлдираётганидир.

Beijiтg parade 04

BBC мухбирига кўра, бунинг янада хавотирли томони — АҚШнинг қаттиқ божлари дунёдаги энг йирик демократия Ҳиндистонни, жаҳондаги энг йирик автократия — Хитой бағрига шунчалик тезликда итараб қўйдики, бу ҳайратланарли ҳолдир:

«Доналд Трамп бошқараётган Американинг иқтисодий миллатпарварлиги ва бузғунчи дипломатияси Хитой учун илгари бўлмаган дипломатик имкониятларни очмоқда, ва Си Жинпинг бу имкониятларни ўз саммити ва паради орқали қўшқўллаб қўлга киритмоқда», деб ёзди Лэндейл.

BBCнинг Россия бўйича муҳаррири Стив Розенбергнинг фикрича, Пекиндаги бу барча дабдабали саҳна ва самимий қучоқлашувлар аввало Трамп маъмуриятига юборилган аниқ ишорадир: «Хўш, сиз Американи яна буюк қилмоқчимисиз? Ахир, сизлар учун «биринчи навбатда Америка», тўғрими? Унда биз АҚШ етакчилигидаги тартибга муқобил таклиф берамиз». Шунинг учун ҳам Путин ва Си бир-бирларини «азиз дўст» ва «кўп йиллик дўст» деб атайди; шунинг учун ҳам Хитой, Россия ва КХДР етакчилари ҳарбий парадда ёнма-ён ўтирадилар. «Геосиёсий оламда турли кучлар Америка ҳукмронлигига қарши бирлашмоқда», — деб ёзади Розенберг. Бироқ у шуни ҳам таъкидлайдики, бу кучлар орасида сезиларли қарама-қаршиликлар сақланиб қолмоқда.

Хитойшунос Алексей Чигадаев фикрича, Хитойдаги учрашувларнинг сиёсий аҳамиятини ортиқча баҳолаш керак эмас. Унинг айтишича, кўплаб мамлакатлар ҳозирги вазиятдан фойдаланиб, Хитой, ЕИ ва АҚШ орасида мувозанат сақлаш орқали ўз манфаатлари йўлида имтиёзларга эришишмоқда. «Биз сенга ёқмай қолдикми — унда биз Хитойга кетамиз. А-а, бизнинг Хитой билан бирга бўлишимизни хоҳламайсанми? Унда ажабланарли божларингни бекор қил, Доналд Трамп», — дейди Чигадаев BBC рус хизматидаги «Бу нима эди?» подкастида.

Beijiтg parade 02

Мутахассис сўзларига кўра, ҳеч қандай сиёсий инқилоб юз бергани йўқ: ШҲТ асосида янги БМТ тузилмади; ҳамма ҳам АҚШ ва ЕИдан юз ўгиргани йўқ. Бундан ташқари, Си Жинпинг, Путин ва Ҳиндистон бош вазири Модининг кўз-кўз қилинган суҳбатида кўпроқ манзара бор эди, мазмун эса камроқ эди, дейди Чигадаев: раис Си инглизча гаплашмайди ва уч лидернинг биргаликда суҳбат олиб бориши мумкин эмас эди.

 

Ҳарбий қудрат

«Инсоният яна тинчлик ва уруш, мулоқот ва тўқнашув, ўзаро манфаатли натижалар ва нол натижали ўйин ўртасида танлов олдида турибди», — деди Си Жинпинг параддаги чиқишида.

Хитой томонидан намойиш этилган ҳарбий қудрат таъсирли кўриниш олди. «Ҳисоб қилинишича, ХХРнинг амбициялари аввало Осиё-Тинч океани минтақасига қаратилган, асосий мақсад эса Тайванни қайтаришдир. Бунинг мисоли сифатида Хитой денгиз кучларини келтириш мумкин — улар кўп сонли, бироқ асосан соҳилларга яқин маҳаллий урушларга мўлжалланган. Бироқ бу сафар парадда намойиш этилган қуроллар Хитойнинг глобал етакчиликка даъво қилаётганини кўрсатмоқда», — дейди BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксёнов.

У кўрсатилган қуроллар орасида янги версиядаги қитъалараро баллистик ракета — DF-5C, ҳипертовушли YJ-19 ракетаси ва сунъий йўлдошларга қарши HQ-29 ҲҲҲ тизимига эътибор қаратди. «Бу қуролларнинг барчаси Тайванга десант тушириш учун жуда кучли яроғлар. Бу, аввало, АҚШга қарата ташланган чақириқ бўлиб, у минтақадан ташқарига чиқади», — дейди Аксёнов.

Beijing parade 05
YJ-19 ҳипертовушли ракеталар

Парадда намойиш этилган ядровий учликка ҳам Алексей Чигадаев алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, парад бутун тадбирлар ичидаги энг муҳим қисми бўлди. «Бироқ биз тушунамизки, парадлар фақат бир мақсад — сенда нима борлигини кўрсатиш учун ўтказилади. Аслида эса Хитой уруш жуда қимматга тушишини тушуниб етган».

Чигадаевнинг фикрича, энг асосий сигнал АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қаратилган: «Қаранг, бизда нима бор. Сизда иттифоқчилар бор. Бизда эса ҳарбий техника, одамлар, ядровий қурол бор. Шундай экан, биз билан ҳарбий тўқнашув эмас, музокаралар ўтказиш маъқул».

Балким парад сўнгида учирилган 80 мингта кабутарлар ҳам шу якуний хулосадан далолатдир.