«Янги Ангрен» ИЭС ҳавога зарарли моддалар чиқараётганлиги аниқланди

14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Текширувлар давомида станция фильтрларининг самарадорлиги пастлиги ва меъёрдан ортиқ чиқиндилар ҳавога тарқалаётгани маълум бўлди.

Yangi angren

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги «Янги Ангрен» ИЭС атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқараётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси маълум қилди. Ҳолат ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлардан сўнг махсус текширув орқали аниқланган.

Маълумотга кўра, чанг-газ тозалаш ускуналари ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган зарарли моддаларни етарлича тозалай олмаган. Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги қарори асосида компенсация ҳисоб-китоб қилинган ҳамда корхонага камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган. Компенсация миқдори аниқ очиқланмади.

Бу биринчи ҳолат эмас. 2024 йил февралида ҳам «Янги Ангрен» ИЭСда фильтрлар самарадорлиги пасайиб, ҳавога меъёрдан ортиқ моддалар чиққани аниқланганди. Ўшанда станция 1 млрд 3 млн сўм компенсация тўлашга мажбур этилган эди.

Хабарда таъкидланишича, аҳоли турмушига салбий таъсирни камайтириш ва ҳавога чиқиндилар ташланишини чеклаш учун йўл харитаси ишлаб чиқилган.