Европа Иттифоқи суди асли ўзбекистонлик миллиардер, USM холдинги асосчиси Алишер Усмоновнинг Европа санкцияларини бекор қилиш тўғрисидаги даъвосини яна рад этди. Қарор Европа Иттифоқи суд маълумотлар базасида эълон қилинди.
Бундан олдин суд Усмоновнинг даъвосини 2024 йил феврал ойида рад этган эди. Ўшанда Усмонов томони судда санкцияларни жорий этиш асослари етарли эмаслигини, улар учун сабаблар жуда мавҳум эканини ва уни рўйхатга киритишнинг аниқ сабабларини аниқлаш имконини бермаслигини далил сифатида келтирган.
Хусусан, ЕИ Кенгаши Усмоновни санкциялар рўйхатига киритишда Forbes мақоласидан иқтибос келтирган.
Бу сафар ҳам Усмонов санкцияларга қарши олтита далилни илгари сурди. Булар жумласига етарли далилларнинг йўқлиги, сабаблар ва самарали суд ҳимояси ҳуқуқини баён қилиш мажбуриятининг бузилиши, тенг муносабат ва камситмаслик тамойилларига риоя қилмаслик, мутаносиблик принципи, шунингдек, мулк ҳуқуқи, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва фикр эркинлигини ҳурмат қилиш ҳуқуқларининг поймол этилиши киради.
Суд даъвогарнинг далилларини рад этди. Хусусан, Европа Иттифоқи Кенгаши Усмоновнинг «Коммерсант» газетаси эгаси сифатида фикр билдириш эркинлиги бузилгани ҳақидаги даъвосини «асоссиз» деб топди. Шунингдек, Кенгаш Россия ҳукумати ва етакчи тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик муносабатлари мавжудлигини исботлашга мажбур эмаслигини таъкидлади.
Суд Усмоновнинг EИ Кенгаши иккиламчи маълумотларга таянганига оид шикоятини ҳам рад этди. Бунда суд бирламчи ҳужжатлар доим ҳам Кенгаш учун очиқ бўлмаслиги мумкинлигини эслатиб ўтди.
«Forbes» Усмоновнинг бойлигини 16,5 миллиард АҚШ долларига баҳоламоқда. Европа Иттифоқи унга нисбатан 2022 йил 28 февралда санкциялар жорий этди, ўша йилнинг 3 мартида АҚШ ва Буюк Британия, 11 мартда эса Канада тадбиркорга қарши чекловлар эълон қилди. Апрел ойида Гамбург портида Усмановга тегишли деб тахмин қилинган 156 метрлик «Дилбар» яхтаси ушлаб қолингани ҳақида маълумот тарқалди. Шундан сўнг, тадбиркор Германияда кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш тўғрисидаги сохта маълумотлар туфайли солиқдан қочиш айблови бўйича тергов объектига айланди. Адвокатлар бу айбловни асоссиз деб ҳисоблашмоқда.
Алишер Усмонов Американинг «Forbes» журнали, Германиянинг «Tagesspiegel» газетаси ва Австриянинг «Kurier» газетаси устидан судда ғалаба қозонди. 2025 йил май ойида Гамбург ер суди «Mediahuis Luxembourg S.A.» медиа-холдинги нашрларига тадбиркор Алишер Усмоновни Dilbar суперяхтасининг эгаси деб аташни ман этди.
Аввалроқ, Венгрия ва Словакия Евроиттифоқдан россиялик бизнесменларга қарши санкцияларни бекор қилиш эвазига бошқа чекловларни узайтиришни таклиф қилаётгани ҳақида хабар берган эдик.