Ўзбекистон олий таълим муассасаларига қабул имтиҳонларида 614 минг 768 нафар абитуриент иштирок этди. Улардан 253 минг 844 нафари, яъни 41,29 фоизи минимал ҳисобланган 56,7 баллни ҳам тўплай олмади.
Бу кўрсаткич ўтган йилдагидан 6 фоизга яхшироқ бўлиб, ўтган йили шундай абитуриентлар улуши 46,9 фоизни ташкил этганди.
Тестларда иштирок этганларнинг қолган қисми — 360 минг 924 нафар абитуриент 56,7 баллдан юқори натижа қайд этди. Ҳудудлар кесимида энг паст кўрсаткич Андижон вилоятида қайд этилган — бу ерда абитуриентларнинг 47,6 фоизи ўтиш балини йиғолмади.
Энг яхши натижалар эса Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида қайд этилди: бу ҳудудларда фақат 31,4 фоиз абитуриент минимал баллдан паст кўрсаткич қайд этди.
Қорақалпоғистон, Навоий, Сирдарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари энг катта ўсишга эришди. Масалан, Қорақалпоғистонда натижалар 9 фоизга яхшиланди. Бирорта ҳудудда кўрсаткич ёмонлашмагани таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги тартибга кўра, минимал ўтиш балидан кам натижа кўрсатганлар ҳам супер контракт асосида ўқиш имкониятига эга. Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кириш имкониятини кенгайтириш мақсадида бошқа олийгоҳларда бўш қолган йўналишларга ҳам абитуриентларни контракт асосида қабул қилиш мумкинлиги белгиланди.