Андижондаги заправкада ёнғин чиқди

15:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Андижон туманидаги газ тўлдириш шохобчасида 5 тонна ёнилғи ортилган машина ёниб кетган.

Yong'in

5 сентябр куни Андижон вилоятининг Андижон туманида ёнилғи қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.

Хабарда қайд этилишича, «MAN» русумли ёнилғи ташувчи автомобилнинг цистернасидан пропан газини тўкиш вақтида, техник жараён бузилиши оқибатда ёнғин келиб чиққан. Автомобилда тахминан 5 тонна ёқилғи сақланар эди.

Ҳодиса тўғрисида соат 12:05 да ФВБга хабар берилган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари 12:13 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин 12:26 да назоратга олинган ва 13:03 да бутунлай бартараф этилган.

Маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Ҳозирги пайтда ёнғиннинг аниқ сабаблари ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида ва Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги газ қуйиш шохобчаларида ҳам ёнғин ва портлаш ҳолатлари кузатилган эди.