Аргентинада нацист Фридрих Кадгиеннинг 58 ёшли қизи Патрисия Кадгиен ва унинг 60 ёшли турмуш ўртоғига уруш даврида ўғирланган асарларни яширганлик айблови қўйилди. Уларга қарши тергов жараёни 18 асрга тегишли «Хоним портрети» асари тасодифан онлайн кўчмас мулк эълонида фотосуратда аниқлангач бошланди, деб ёзади.
Мазкур асар италиялик барокко рассоми Жузеппе Гисландининг иши бўлиб, у Нидерландиялик коллекционердан уруш пайти ўғирланган ва 80 йилдан бери йўқолган деб ҳисобланарди. Қидирувлар давомида полиция Гисландининг асарини эмас, балки уйда яширин ҳолда сақланаётган Анри Матисснинг 22 та асарини ва бошқа номаълум манбали асарларни топди.
Анри Матисс (1869–1954) — XX асрнинг энг машҳур француз рассомларидан бири бўлиб, унинг асарлари музейлар ва хусусий коллекцияларда катта қийматга эга. Бу асарлар 1940-йилларга тегишли бўлиб, айнан фашистлар Европада санъат асарларини оммавий ўғирлаган даврга тўғри келади.
Полиция асарлар Мар-дел-Платадаги уйда топилганини маълум қилди. Суд муҳокамаси пайтида Патрисия Кадгиен ва унинг турмуш ўртоғи Гисланди асарини расман топширган, аммо Матисснинг асарлари ва бошқа коллекцияларнинг келиб чиқиши ҳали аниқланмаган.
Айбловга кўра, улар фақат асарларни яширган, лекин расман ўғирлаганликда гумон қилинмаяпти. Аммо уруш давридаги ўғирланган активларни яшириш ҳам Аргентина қонунчилигига кўра жазоланадиган жиноят ҳисобланади.