«Бутун дунё бизни ўлимга ташлаб қўйди». Ғазо ҳақидаги филм 23 дақиқа тик оёқда олқишланди

23:18 | 6 дақиқада ўқилади.

«Ҳинд Ражабнинг овози» филми амакиси ва тўртта ёш амакиваччасининг жасадлари орасида қолиб кетган ва отиб ўлдирилган олти ёшли қизнинг қўнғироқдаги гапларини тиклади.

Hind

Исроил қўшинлари томонидан 2024 йил январида Ғазодаги олти яшар қиз Ҳинд Ражаб ва унинг қариндошлари ўтирган автомобил ҳамда уларга ёрдам бериш учун борган икки шифокор вахшийларча ўлдирилгани тасвирланган филм Венеция кино фестивалида 23 минутлик олқишга сазовар бўлди. «Ҳинд Ражаб овози» («The Voice of Hind Rajab») дея номланган филм томошабинлар ва журналистларни кўз ёшларга ғарқ қилди, «Фаластинга озодлик» чақириқлари янгради, актёр Мотаз Малҳис Фаластин байроғини кўтарди.

Ижодий гуруҳда Бред Питт, Жонатан Глейзер, Хоакин Феникс ва Алфонсо Куарон ижрочи продюсер сифатида иштирок этган.

Филм 2024 йил январ ойида Ғазонинг шимолий қисмида амакиси ва тўртта ёш амакиваччасининг жасадлари орасида автомобил вайроналарида қолиб кетган Ҳинд Ражабнинг сўнгги, тезкор телефон қўнғироғини қайта тиклайди. Ўриндиқ остига яширинган ва ягона тирик қолган Ҳинд Ражаб Фаластин Қизил Ярим ой жамияти билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлади. Бироқ, бола ва уни қидираётган тиббиёт ходимлари Исроил кучлари томонидан ўлдирилади. Исроил бу ҳодиса бўйича расмий тергов бошланганини эълон қилмаган.

«Мен илк бор Ҳинд Раджаб овозини эшитганимда, унинг сўзларидан ҳам ортиқ нарсани ҳис қилдим. Бу — Ғазонинг ўзи ёрдам сўраётгандек овоз эди. Ва ҳеч ким унга етиб бора олмади», — дея эслади Бен Ҳания.

Филмда Ҳинднинг ҳақиқий телефон ёзувларидан фойдаланилган. Аммо воқеа уни қутқаришга уринган Қизил Ярим Ой жамоаси орқали драматик тарзда ҳикоя қилади.

«Ҳинд Раджаб овозини ҳимоя қилишимиз шарт эмас. Бу филм ҳеч қандай фикр ёки фантазия эмас. У ҳақиқатга асосланган. Ҳинднинг қиссаси бутун бир халқнинг оғир дардини акс эттириб турибди. Унинг овози охирги икки йилда Ғазода ҳаётидан айрилган 19 минг боланинг овозидир. Бу овоз – яшаш, орзу қилиш, қадр-қиммат билан мавжуд бўлиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир она, ота, шифокор, ўқитувчи, рассом, журналист, волонтёр ва фельдшернинг овози. Буларнинг барчаси кўз ўнгимизда ўғирланди. Ва бу фақат биз билган овозлар. Ҳар бир рақам ортида ҳеч қачон айтиб берилмаган ҳикоя бор», — дейди филм ижодкорлари номидан актриса Сажа Килани.

Ҳинднинг онаси Виссам Ҳамада филм урушни тўхтатишга ёрдам беради, деган умидини билдирди.

«Бутун дунё бизни ўлимга ташлаб қўйди, очликда, қўрқувда, мажбурий кўчириш остида яшашга мажбур қилди. Аммо ҳеч ким ҳеч нарса қилмади», — деди айни вақтда Ғазода беш ёшли ўғли билан яшаётган Ҳинднинг онаси AFP нашри билан телефон орқали суҳбатда.

Исроил айни вақтда Ғазода геноцидни давом эттирмоқда.