Бугун, 4 сентябр куни Бухоро вилояти Бухоро туманида Марказий канализация қувурда ишлаётган 5 нафар ишчи қувурга тушиб, оқиб кетди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, соат 12:02 да Боғидашт қишлоғи ҳудудидан ўтувчи Марказий канализация қувурда ишлаётган 5 нафар ишчи қувурга тушиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган. Текширув давомида аниқланишича, маҳалла ишчилари канализацияларни бирлаштириш мақсадида вилоят Сув ва оқава таъминоти бўйича инжинеринг компаниясининг рухсатисиз қопқоқни жойидан очиш жараёнида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган.
Оқибатда 5 нафар ишчи ушбу канализацияга тушиб кетиб, кучли оқим туфайли оқиб кетган. Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш давомида оқова сувларни узатиш пунктидаги қувурлар ичидан 3 нафар фуқаронинг жасадлари топилган. Қолган 2 фуқарони топиш чоралари кўрилмоқда.
«Ушбу ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми “а” банди билан (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.