Бугун, 5 сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат давомида Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилган.
«Суҳбат аввалида АҚШ Президенти сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни юксак баҳолади ва қўллаб-қувватлади. Давлат раҳбари, ўз навбатида, президент Доналд Трампни АҚШ маъмурияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатнинг улкан натижалари билан самимий табриклади. Америка томонининг халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди», — дейилади хабарда.
Улар икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратган. Устувор тармоқларда бизнес кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва савдо битимлари ҳажмини тубдан ошириш масалалари кўриб чиқилган.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда ўзаро савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. 2024 йилда товар айирбошлаш 15 фоизга ошди. Истиқболли кооперация лойиҳалари портфели фуқаро авиацияси, муҳим минерал ресурслар, электротехника саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, молия, инновациялар, таълим ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олган.
Шу ойда АҚШнинг етакчи компания ва ташкилотлари билан узоқ муддатли ва барқарор шериклик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилиши таъкидланди. Бундан ташқари, хавфсизлик соҳасида, энг аввало, терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш борасида самарали ҳамкорлик қилинмоқда.
Маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда. Тошкентда АҚШнинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
«Келгуси йили АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор иштирок этиши мамнуният билан қайд этилди. АҚШ етакчиси футбол терма жамоамизга чин дилдан омад тилади.
Телефон мулоқоти чоғида давлат раҳбарлари долзарб халқаро масалалар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШнинг “C5+1” шаклидаги минтақавий ҳамкорлигини чуқурлаштириш юзасидан ҳам фикр алмашдилар», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон раҳбари президент Доналд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этган.
Амалий ҳамкорлик бўйича лойиҳа ва дастурларни илгари суриш мақсадида олий даражадаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинган.