Бугун, 5 сентябрь куни сенатнинг 10-ялпи мажлисида талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповга парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Масъуллар томонидан ишлар етарли даражада ташкил этилмагани талабалар ўртасида носоғлом муҳит юзага келишига, айрим ҳолларда эса ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка олиб келаётгани кузатилаётгани танқид қилинди.
Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда олий таълим муассасалари талабалари иштирокида 761 та жиноят содир этилган. 2025 йилнинг 6 ойи давомида бу кўрсаткич 102 та олий таълим муассасасининг 307 та талабаси томонидан жиноят содир этилгани бу масалага жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Хусусан, жиноятларнинг асосий қисмини йўл-транспорт ҳодисалари, ўғрилик, тан жароҳати етказиш, безорилик, фирибгарлик каби жиноятлари ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида жиноятларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Наманган, Андижон, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё вилоятларига тўғри келади.
Олий таълим муассасалари кесимида эса жиноятларнинг кўпчилик қисми Тошкент давлат транспорт университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳиссасига тўғри келаётгани таъкидланди.
Бунга сабаб сифатида айрим олий таълим муассасаларида таълим жараёнини мунтазам назорат қилиш, талабаларнинг дарс машғулотларига қатнашини етарли даражада мониторинг қилинмаганлиги оқибатида талабалар томонидан дарс вақтида, яъни соат 08:00 дан 16:00 гача бўлган давр мобайнида жиноятлар содир этилаётгани кўрсатилди.
Мажлисда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9-сентабрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 563-сонли қарорида тюторларни бириктириш тартиби белгиланган бўлса-да, айрим олий таълим муассасалари томонидан ушбу талабга риоя қилинмаган. Шунингдек, талабаларнинг ётоқхоналарга кириб-чиқиши, яшаши ҳамда тунги вақтда бўлиши устидан назорат етарли даражада эмас.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.