Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябр куни қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратишга қаратилган тақдимот билан танишди.
Унда 2026 йилдан деҳқон ва фермерлар етиштирган маҳсулотлар (ғалла ва пахтадан ташқари) учун қўшилган қиймат солиғи бекор қилиниши маълум қилинди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Сўнгги йилларда соҳада изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, самарадорликка йўналтирилган қадамлар ташланди. Жумладан, пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, озиқ-овқат етиштиришга йўналтирилди. 160 минг гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилди, қиймати 1 млрд долларлик 1 500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилди.
Шу билан бирга, яширин иқтисодиётнинг катта улуши қишлоқ хўжалигида сақланиб қолаётгани қайд этилди. Айниқса, маҳсулот сотишдаги 12 фоизлик солиқ кўп ҳолларда ҳисоботдан қочишга олиб келмоқда. Янги тизим бу муаммоларни қисқартириш ва соҳада шаффофликни таъминлашга қаратилган.
Янги тартибга кўра, деҳқон ва фермерлар етиштирган маҳсулотга ҚҚС қўлланилмайди, аммо уруғ, ўғит, ёқилғи, транспорт ва электр каби харажатлар бўйича тўланган солиқни қайтариб олиш имконияти сақланади.
Ҳисоб-китобларга кўра, бунинг натижасида фермер ва деҳқонлар ихтиёрида йилига 300 млрд сўм қолади, яна 400 млрд сўмлик солиқни қайтариб олиш имконияти юзага келади. Бу енгилликлар йирик саноатлашган плантациялар ва қайта ишлаш корхоналарини кўпайтиришга замин яратади.
Мутасаддиларга янги тизимни амалиётга самарали жорий этиш ва фермер ҳамда деҳқонларга тушунтириш вазифаси юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҚҚС тизимда ишлаётган корхоналарга бир йиллик имтиёз берилиши ҳақида хабар берган эдик.