Каттақўрғон шаҳри ҳудуди кенгайтирилади

16:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон шаҳри ҳудуди кенгайтирилиб, ўрта шаҳарлар тоифасидан катта шаҳарлар тоифасига ўтказилади.

Kattaqo'rg'on shahri

Сенат Каттақўрғон шаҳри ҳудудини кенгайтиришни маъқуллади. Бу жараёнда Каттақўрғон ва Нуробод туманлари чегаралари ҳам ўзгартилади.

Маълумотларга кўра, Каттақўрғон шаҳри аҳолиси ҳозирда қарийб 95 минг кишини ташкил этади. Ҳар йили ўртача 1,1 минг нафарга кўпайиш суръати қайд этилмоқда. Шунингдек, 4 мингга яқин рўйхатдан ўтмаган аҳоли ва талабалар ҳам доимий яшамоқда. Зичлик кўрсаткичи Самарқанд вилоятида энг юқори бўлиб, 1 квадрат километрга 9,5 минг киши тўғри келади.

Шаҳар ҳудудини кенгайтириш доирасида Каттақўрғон туманидан 1,9 минг гектар ва Нуробод туманидан 971 гектар ер майдони Каттақўрғон шаҳар таркибига ўтказилади. Шу билан бирга, Нуробод туманидан 600 гектар ер Каттақўрғон тумани ихтиёрига берилади.

Янги чегаралар ҳисобидан Каттақўрғон аҳолиси 2030 йилгача 150 минг кишидан ортиши кутилмоқда. Бундан ташқари, 50 гектарда «Ургут» эркин иқтисодий зонаси филиали ҳамда 30 гектарда 3 та кичик саноат зонаси ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Муҳокамалардан сўнг Сенат мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди.