Конор МакГрегор Ирландия президенти бўлиш ниятида

08:40 | 3 дақиқада ўқилади.

UFC юлдузи Конор МакГрегор Ирландия президенти сайловларида иштирок этиш ниятини маълум қилди. Сайлов 24 октябр куни бўлиб ўтади.

Conor mcgregor

UFC’нинг таниқли жангчиси, икки вазн тоифасида собиқ чемпион Конор МакГрегор 2025 йил 24 октябр куни ўтадиган Ирландия президенти сайловларида иштирок этиш нияти борлигини маълум қилди. Бу ҳақда у шахсан Instagram саҳифасида баёнот берди.

«Ирландия фуқаролари, ҳақиқий ўзгаришлар вақти келди! Президент сифатида мен ҳеч қандай қонун лойиҳасини халқ муҳокамасисиз имзоламайман», — деб ёзди МакГрегор ўз мурожаатида.

36 ёшли Конор МакГрегор UFC тарихида бир пайтнинг ўзида икки вазн тоифасида чемпионлик камарини қўлга киритган илк жангчи ҳисобланади. У ярименгил ва енгил вазнда чемпион бўлган. МакГрегор жанг майдонидан ташқарида ҳам оммавий маданиятда фаол иштирок этмоқда.

2024 йили у Ҳолливуд юлдузи Жейк Жилленҳол билан бирга «Йўл ёқасидаги уй» (Road House) фильмида бош роллардан бирини ижро этди. Бу унинг кино соҳасидаги илк йирик лойиҳаси бўлди.

МакГрегорнинг сиёсий саҳнага қадам қўйиши ирландияликлар ва халқаро жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Унинг сайловларда расмий номзод сифатида рўйхатдан ўтиши, кампания платформаси ва сиёсий дастури бўйича расмий маълумотлар ҳали эълон қилинмаган.