Мессининг кўз ёшлари. Афсонавий футболчи ўзининг сўнгги уй учрашувини ўтказди

18:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Аргентина терма жамоаси юлдузи Лионель Месси Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичида Венесуэлага қарши ўйинда икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Учрашув 3:0 ҳисобида Аргентина фойдасига якунланди.

Messi 1

Месси Жанубий Америка ЖЧ саралаш ўйинларида иштирок этиш бўйича рекордни такрорлади — 72 та ўйин. Бу рекорд Эквадор терма жамоаси ҳимоячиси Иван Уртадога тегишли эди.

Messi 2

Саралаш босқичи тугашига бир тур қолди. Бироқ Месси Аргентина учун аҳамиятсиз бўлган Эквадорга қарши сафарги учрашувда қатнашмайди.

Аргентиналик футболчи ўйиндан сўнг бу учрашув унинг миллий жамоа сафидаги эҳтимол охирги уйини бўлиши мумкинлигини айтди. Месси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳақида ҳали якуний қарор қабул қилмаган.

«Ўзимга нисбатан адолатли бўлишим керак: агар бирор нарса яхши бўлмаса, бормасликни афзал кўрардим. Жаҳон чемпионатига ҳали тўққиз ой бор, бу жуда узоқ муддат. Клуб мавсуми якунлангач, ўзимни қандай ҳис қилаётганимни баҳолайман. Ҳа, бу менга ёқмайди, лекин вақт ўтяпти. Баъзида ўзимни яхши ҳис қиламан, баъзида эса унча эмас.

Месси терма жамоаси учун ўйнашни ғалаба билан якунлаганидан хурсанд эканлигини билдирди.

«Бу мен доимо орзу қилган нарса эди. Ўз халқим билан шундай хайрлашиш имкониятига эга бўлиш. Ҳа, кўп воқеалар бўлди, лекин мен фақат яхши нарсаларни эслайман», — деди Месси.

Лионел Месси Аргентина терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионати, иккита Америка кубоги, Олимпия ўйинлари ва Финалиссима ғолиблигини қўлга киритган. У терма жамоада гол уриш (114 та), ўйинлар сони (198 та) ҳамда сардорлик қилган ўйинлар (193 та) бўйича рекордчи ҳисобланади.