Олий таълимга кириш имтиҳонлари-2025: рақамлар нима дейди?

19:30 | 7 дақиқада ўқилади.

2025 йилда 614 минг 768 нафар абитуриент имтиҳон топширди. Тестга кирганларнинг 41 фоизи минимал ўтиш балини ҳам тўплай олмади. Vaqt.uz ҳудудлар кесимида ўртача балл, талаба бўлганлик даражасидаги тафовутлар ва бунинг ўтган йиллар билан фарқини таҳлил қилди.

Test sinovlari

Статистикаларга кўра, 2025-2026 йил ўқув йили учун олий таълимга ҳужжат топшириш фоизлари бир неча баробарга тушиб кетди. Хусусан, 2025 йилги  олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 732 минг 411 нафар бўлиб, бу охирги 7 йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир. Шундан  614 минг 768 нафар абитуриент тестга кирган. 65 минг 243 нафар абитуриент тестга келмаган, 94 нафар абитуриент эса тестдан четлаштирилган.

Talim 001
Инфографика: Vaqt.uz

Бу кўрсаткич тест синовларига ўтган йилга қараганда 122 мингга кам абитурент қатнашганини англатади. мандат.узбмб.уз сайтининг очиқ маълумотларига кўра, 41,29 фоиз абитуриент 56,7 балл ҳам тўплай олмаган. Ҳуқушунос Хушнудбек Худойбердиевга кўра, охирги 3 йилда ҳолат 10 фоизга яхшиланган. Хусусан,  2024-йилда тестга кирган абитуриентларнинг 345 минг 869 нафари (46,9 фоиз)и, 2023-йилда эса 439 минг 337 нафар (49,4 фоиз) 56,7 бални ҳам тўплай олмаган.

Talim 002
Манба: Xushnudbek.uz

Жадвалга кўра, 2025 йилда энг ёмон кўрсаткич, одатдагидек, Андижон вилоятида (47,6 фоиз), нисбатан яхшироқ натижа эса доимгидек Бухоро ҳамда Тошкент шаҳрида (31,4 фоиз) қайд этилган..

2023 йилда 8 та ҳудудда, 2024 йилда эса 4 та ҳудудда абитуриентларнинг 50 фоиздан кўпроғи 56,7 баллдан паст балл олган эди. Жорий йилда биронта ҳудудда бундай салбий кўрсаткич қайд этилмаган. .

🟢 Ўтган йилга қараганда натижасини энг кўп яхшилаган 5 та ҳудуд:

⬆️ Қорақалпоғистон Республикаси — 9 фоиз;

⬆️ Навоий — 8,9 фоиз;

⬆️ Сирдарё — 8,1 фоиз;

⬆️ Бухоро — 7,8 фоиз;

⬆️ Қашқадарё — 6 фоиз.

 

Ўртача балл бўйича қайси вилоятлар етакчи?

Talim 003
Манба: Xushnudbek.uz

Билимларни баҳолаш агентлиги тақдим этган статистикаларга кўра, ҳудудлар кесимида ўртача балл бўйича энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятида қайд этилган — 89,5 балл. Яъни жорий йилда тестга кирган бухоролик 30 минг 231 нафар абитуриент тўплаган балларнинг ўртачаси шунақа чиққан.

Кейинги ўринларни Тошкент шаҳри (82,8) ҳамда Навоий вилояти (80,4) эгаллаган.

Энг қуйи поғонадан эса Жиззах (73,3), Сурхондарё (71,7) ҳамда Андижон (70,9) жой олган.

Республика бўйича ўртача балл 76,9 баллни ташкил қилган.

Ўз навбатида, жорий йилги битирувчиларнинг ўртача баллари барча ҳудудларда нисбатан баландроқ бўлган. Жорий йилги битирувчиларнинг умумий ўртача бали 81,7 баллни ташкил қилган.

 

Қайси вилоятдаги битирувчиларнинг энг кўпи талаба бўлди?

 Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу борадаги рейтингига кўра, 2025 йилда республикада 438 869 нафар ўқувчи мактабни битирган. Уларнинг 327 673 нафари тест синовларида иштирок этган. Шундан 113 176 нафари, яъни 25,8 фоизи талабага айланган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 3,5 фоизга ошган.

Ҳудудлар кесимида Навоий вилояти етакчилик қилган: тест синовларида қатнашган битирувчиларнинг қарийб ярми, яъни 48,4 фоизи ўқишга кирган. Кейинги ўринларни 38,2 фоиз билан Бухоро вилояти ҳамда 32,4 фоиз билан Жиззах вилояти эгаллаган.

Talim 004
Манба: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Шунингдек, 2025 йилда 619 нафар битирувчи тест синовларида энг юқори 189 баллни тўплай олган. Бу ўтган йилга қараганда 5 баробарга кўп. Давлат гранти квотасининг 84,2 фоизини (29 881 нафар) жорий йил битирувчилари эгаллаган.

Talim 005
Манба: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, ўқишга кириш даражаси юқори бўлган Навоий шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати барча 60 нафар битирувчилари олий таълим муассасаларига қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Меҳриноз Фармонова тайёрлади.