Озарбойжон Украинани МиГ-29 ҳарбий самолётлари билан таъминлаган — ОАВ

21:00 | 4 дақиқада ўқилади.

The War Zone нашрига кўра, Украинага янги келган МиГ-29 учоқлари Озарбойжон камуфляжига эга. Бу ҳақда расман маълумот берилмаган.

Azer mig 29

The War Zone нашри Украина Мудофаа кучлари таркибида янги пайдо бўлган МиГ-29 самолётлари Озарбойжонга тегишли бўлиши мумкинлигини хабар қилди. Нашр ҳарбий блогерлар тарқатган суратларга асосланиб, бу учоқлар Озарбойжон армиясига хос камуфляж — мовий, кулранг ва бинафшаранг сур тусга эга эканини қайд этади.

Суратдаги учоқ ўрта ва яқин масофага мўлжалланган Р-27 ҳамда Р-73 турдаги «ҳаво-ҳаво» ракеталари билан қуролланган ҳолда, гўё жанг операциясида қатнашётгандек тасвирланган. Озарбойжон расмийлари ҳозиргача Украинага фақат ҳуманитар ёрдам юборилганини айтган, қурол етказиб берилгани эса эълон қилинмаган.

Маълумотларга кўра, уруш бошланишидан олдин Озарбойжоннинг баъзи МиГ-29 учоқлари Украинада, хусусан, Лвивдаги давлат авиа таъмирлаш заводида таъмирланаётган эди. 2022 йил март ойида Россия ушбу заводга ҳужум қилган, асосий ангар йўқ қилинганди. Бу завод Украинада МиГ-29 ларни капитал таъмирлай оладиган ягона база эди.

Айнан шу учоқлар кейинчалик Украина ВВС таркибига ўтган бўлиши мумкин. Бу ҳақда илк маротаба 2022 йил ёзида Caucasuswar блогери томонидан тақдим этилган суратларда хабар берилганди.

Озарбойжон ва Россия муносабатлари сўнгги вақтларда анча таранглашган. 2025 йил ёз ойларида Россияда юзлаб озарбойжонликлар қўлга олинган, улардан айримлари қамоқда ҳалок бўлган. Шунингдек, 2024 йилда Боку–Грозний рейсида парвоз қилган AZAL авиакомпаниясининг Embraer 190 самолёти Россия томонидан уриб туширилгани ҳам муносабатларга таъсир қилган. Ўшанда 67 йўловчидан 39 нафари ҳалок бўлган.

Бу вазият фонида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Al Arabiya телеканалига берган интервьюсида СССР даврини «оккупация» деб атаган ва Россияни ҳали ҳам тажовузкорликда айблаган. Алиев «Озарбойжон халқига қарши мисли кўрилмаган тажовуз» ҳақида сўз юритган.

Украина уруш бошида 50 га яқин МиГ-29 самолётига эга эди. OSINT таҳлил гуруҳи Oryx маълумотига кўра, улардан 31 таси йўқ қилинган. Украина сўнгги вақтларда Польша (14 та) ва Словакия (13 та)дан МиГ-29 қабул қилган. Гарчи F-16 ва Mirage 2000 каби янги учоқлар ҳам олинган бўлса-да, МиГ-29 Украинанинг асосий жанговар учоғи бўлиб қолмоқда.